Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

SpaceX инсоният тарихидаги энг йирик ракетани учирди

SpaceX инсоният тарихидаги энг йирик ракетани учирди

Фото: X.com

Бугун тунда SpaceX компанияси инсоният тарихидаги энг йирик ракетани учирди. Унга Техасдаги базадан маҳаллий вақт билан соат 17:30 да старт берилди.

124 метрли Starship V3 — 40 қаватли уй баландлигига тенг ва тортиш кучи қарийб 8 минг тоннани ташкил этувчи маҳобатли машинадир. У инсонни Ойга элтиб қўйган афсонавий Saturn V ҳамда NASAнинг энг янги Ой ракетаси — SLSдан ҳам қудратлироқдир.

Starship V3.
Фото: Reuters

Бу Марсга парвоз арафасидаги синовдир. Starship айнан «Қизил сайёра»ни забт этиш яратилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, кема бир қатновда у ерга экипаж аъзолари билан бир қаторда, 100 тоннагача юкни етказиб бера олади. Асосий муаммо — ортга қайтишнинг ҳозирча деярли имконсизлигида. Инсоният Марсга учиб боришга қодир бўлса-да, ракетани сайёра юзасидан кўтариб, уни орқага қайтаришнинг ҳозирча иложи йўқ.

Starship V3 бошқа ракеталар билан солиштирилганда.
Фото: Reddit

Айнан шунинг учун SpaceX метанга асосий эътиборни қаратмоқда. Уни назарий жиҳатдан тўғридан-тўғри Марснинг ўзида сув ва карбонат ангидрид газидан ишлаб чиқариш мумкин. Келажакда у ерга аввал роботлар юборилиши мумкин — улар заводлар қуриб, ёнилғи тайёрлайди.

Бевосита бугунги парвозга қайтсак, синов тўлиқ режадагидек ўтди деб бўлмайди. Super Heavy тезлаштирувчиси (ракета ташувчиси) Ерга қайтиши ва Мексика қўлтиғига қўниши керак эди, аммо двигателлар қайта ишга туширилганда техник носозлик юз берди. Оқибатда тезлаштирувчи бошқарувни йўқотиб, сувга қулади ва катта эҳтимол билан портлаб кетди. Starship кемасининг ўзи эса юқорига кўтарилиш вақтида олтита Raptor двигателидан бири ишдан чиққанига қарамай, Ҳинд океани томон ҳаракатланишда давом этди.

Ҳинд океанига қўнишда кема ағдарилиб, портлаб кетган, аммо компания олдиндан бу ҳолат кутилганини ва синовнинг бир қисми эканини билдирган.

Илон Маск ушбу парвозни муваффақиятли дея баҳолаб, SpaceX жамоасини табриклади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг