Субсидия: 21,5 мингта оила ипотека кредити олди
2026 йил январ–май ойларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аҳолига 6 трлн 583,7 млрд сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, ушбу даврда 21 минг 553 нафар фуқаро ипотека кредити олган. Шунингдек, ипотека дастурлари доирасида 6 минг 929 нафар фуқарога жами 622,8 млрд сўм миқдорида субсидия тўлаб берилган.
Субсидияларни ўзлаштириш даражаси бўйича ҳудудлар рейтингида Хоразм вилояти етакчилик қилди. Вилоятда мазкур кўрсаткич 34 фоизни ташкил этган.
Кейинги ўринларни Жиззах вилояти — 31 фоиз, Сурхондарё вилояти — 30 фоиз, Наманган вилояти — 30 фоиз ва Андижон вилояти — 29 фоиз билан эгаллади.
Ҳудудлар кесимида ипотека кредитининг энг юқори миқдори 380 млн сўм, ўртача кредит миқдори эса 296,5 млн сўмни ташкил этган. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткичлар мос равишда 480 млн ва 352 млн сўмга тенг бўлган.
Субсидияли ипотека кредитлари ажратилиши улуши бўйича «Бизнесни ривожлантириш банки» 59 фоиз билан биринчи ўринни қайд этди.
Шунингдек, «Ипотекабанк» 54 фоиз, «Туронбанк» 52 фоиз, «Агробанк» 49 фоиз ва «Алоқабанк» 45 фоиз кўрсаткич билан энг фаол бешликдан жой олди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter