Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Судандаги қуролли тўқнашувлар ортидан ўзбекистонликлар ҳам эвакуация қилинди

Судандаги қуролли тўқнашувлар ортидан ўзбекистонликлар ҳам эвакуация қилинди

Суданда мамлакат қуролли кучлар раҳбари ва мамлакатнинг амалдаги президенти генерал Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон ва унинг ўринбосари ва Тезкор ҳаракат кучлари қўмондони, генерал Моҳамед Ҳамдан Дагалонинг ўзаро келишмовчилиги ортидан 15 апрелда янги босқичга кўтарилган можаро камида 459 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 4000 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Қуролли тўқнашувлар сабаб мамлакатдаги чет эл фуқаролари мунтазам турли йўллар билан эвакуация қилинмоқда.

Жумладан, жорий йил 26 апрель куни Саудия Арабистони ёрдами билан Судандан бир нечта мамлакат фуқаролари эвакуация қилинган. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Saudi Press Agency (SPA)нинг маълум қилишича, ўша куни Саудия Арабистонининг беш фуқароси ва яна тўққиз давлатдан 198 нафар, жами 203 нафар фуқаро Судандан эвакуация қилинган.

Эвакуация қилинганлар орасида ўзбекистонликлардан ташқари Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Яман, Сингапур, Камбоджа, Малайзия ва Покистон фуқаролари ҳам бор. Қироллик эвакуация қилинган фуқароларнинг ўз мамлакатларига жўнаб кетишлари учун барча зарурий чораларни кўради.

Агентликка кўра, эвакуация бошланганидан бери Судандан олиб ўтилганларнинг умумий сони тахминан 2 351 кишига етди. Уларнинг 119 нафари Саудия Арабистони фуқаролари бўлса, қолган 2 232 нафари 67 та давлат фуқаролари ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил октябрдаги давлат тўнтаришидан бери Судан генераллар кенгаши томонидан бошқариб келинаётган мамлакатда айни пайтда қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтмоқда.

Генерал Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон ва генерал Дагало мамлакатнинг қайси йўналишда кетаётгани ва фуқаролик бошқарувига ўтиш таклифи бўйича ҳамда Тезкор ҳаракат кучларини (тахминан 100 минг киши) мунтазам армия таркибига киритиш режаси ва ундан кейин армияни ким бошқариши масаласида келиша олмаяпти.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг