Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 Султонали Раҳматов: Мусиқада яшаган муҳаббат

Юртимизда тонг унинг мусиқалари билан бошланади: «Салом Ўзбекистон!»

***

Субҳидам тонг, қушлар чуғур-чуғури, эрталаб ишга отланаётган шаҳарлик, узумзорига сув таратаётган боғбон, булоқдан сув ташиётган қишлоқ одамлари. Барчанинг қалби мана шу мусиқа билан уйғонади. Мана шу мусиқа тирикликнинг ажойиб туҳфа эканлигини ҳис қилдиради. Бу саҳнада бир мақомдаги умумий оҳанг — айнан Султонали Раҳматов мусиқаларининг шафақдай илк тиниқ садоси каби эшитилади. Бу мусиқалар бизга тирикликни, борлиқнинг гўзаллигини ҳис қилдиради. 

Шунчаки сиз унинг «Симфония 2» асарини тингланг ёки «Вальс»ини. Нималарни ҳис қилдингиз...

Узоқ йиллар эстрада санъати ва бастакорлик йўналишида меҳнат қилиб, ушбу соҳа ривожига фидокорона ҳисса қўшган Султонали Раҳматовнинг мусиқалари орқали биз Ватанни қалбдан ҳис қилишни ўргандик, Ватан ҳақидаги, Юрт ҳақидаги мусиқаларга, қўшиқларга жўр бўлишни ўргандик.

Султонали Раҳматовнинг «Ўзбекистон», «Ўзбекистоним», «Наврўз» каби композициялари нафақат телевидение орқали, балки расмий тантаналар, байрам тадбирлари, оммавий сайилларда ҳам янгради.

Султонали Раҳматов жуда кам концерт берди, аммо ҳар бир чиқиши ўзига хос, янгиликларга бой бўлди. 2018 йил Самарқандда берган концерт дастури орқали мусиқалари ҳар бир одам қалбига кириб борганини пайқаш қийин эмас – шунчалар одам кўп...Уларнинг кўзларида, олқишлашида юракдан чалинган мусиқагина ана шундай юракларга кириб боришини ҳис қиласиз.

Бир йил аввалги концертда бастакор том маънода ўзини қайта ихтиро қилди  янги мусиқалар, янги ёндашувлар... «Менинг ҳаётим» композициясини тинглаганингизда илк бор унинг ҳаёти кўз олдингизга келади, кейинги гал эшитганингизда ўз ҳаётингиз. Композицияни яна, яна қайта эшитиш асносида ҳаёт ўзи нима деган саволга жавоб излайсиз ва ҳар гал эшитганингизда умр, ҳаёт, меҳр, оила, тирикликнинг моҳияти ҳақида ўйлайсиз, сўз йўқ, лекин сўзданам каттароқ ҳиссиётлар бор мусиқаларида...  

Унинг ҳар бир мусиқасида инсон орзулари, умидлари, армонлари бор... Биргина «Бахт» мусиқасини эшитинг-а...

«Леди» мусиқасида қизалоқлар беғуборлиги, аёлнинг нафосати, онанинг муқаддаслиги, опа-сингил образи тараннум этилган.

«Ритмда» мусиқаси орқали спорт ҳаракатларининг нақадар жозибали эканлигини ҳис қиласиз...

Бастакорнинг яратган мусиқаси қаерда янграмасин одамлар тинчликни, хотиржамликни, ҳаёт қанчалар гўзал эканлигини ҳис қилган. Султонали Раҳматов қаерда концерт бермасин мухлислар билан доимо гавжум бўлган. Унинг концертларида сўз йўқ эди, лекин қалб, ҳиссиётлар, туйғулар бор эди.

Унинг мусиқалари, концертларининг интернет орқали эшитганлар, томоша қиладиганлар ҳам кўп ва гарчи бастакор энди орамизда йўқ бўлса-да, уни эшитишда давом этишади ва гарчи энди ўзи мухлислари эътирофини ўқий олмаса-да улар мана бундай ёзишда давом этмоқда:

«Менинг мусиқадан хабарим йўқ, лекин Султонали мусиқаларида нимани куйлаётганини ҳис қиламан», «Мен мусиқачи эмасман, аммо ҳайратдаман. Самарқандда берган концертини кўрганимда шунақаям ҳайратга тушганман. Оддий инсон ҳам тушуниб қойил қоладиган даражада талант эгаси», «Юртдошлар келинглар, ушбу ажойиб санъат асарларини бутун дунё кўриши учун жуда кўп комментлар ёзайлик. Қани ҳаракат қилайлик, ютуб қоидаларига кўра, комментлар ва лайклар кўп бўлган видеони автоматик тарзда бошқаларга улашади»...

Ҳа, унинг мухлислари бастакорни шундай қўллаб-қувватлашмоқда.

Куни кеча 55 ёшида беморлик туфайли вафот этган бастакор Султонали Раҳматовни сўнги йўлга кузатдик. Охиратлари обод бўлсин. Тан олиш қанчалар қийин, ҳали қанчадан-қанча буюк асарлар ёзиши мумкин эди, Ўзбекистон имижини  мусиқалари билан дунёга танитишда давом этиши мумкин эди, тонгни, тирикликни, гўзалликни, инсонийликни бизга сўзсиз мусиқалари билан қалбимизга жойлаши мумкин эди....

                                                                                     Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг