Сурхондарёда 8 килодан ортиқ «опий» савдосига чек қўйилди
ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирларида икки ҳолатда гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланувчи шахслар аниқланиб, қўлга олинди.
Хусусан, Термиз туманида ҳаракатланаётган «Матиз» автомобили тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, 1979 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, Термиз шаҳрида вақтинча истиқомат қилувчи, муқаддам судланган фуқаронинг ёнида 4 кг. 827 гр. «опий» моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, ушбу гиёҳвандлик воситаси муқаддам афғонистонлик наркокуръерлар томонидан контрабанда йўли билан келтириб берилганлиги маълум бўлди.
Бошқа ҳолатда эса Сариосиё туманида яшовчи, 1979 ва 1982 йилларда туғилган ака-ука 3 кг. 627 гр. «опий» ва 919 гр. «гашиш» моддаларини 30 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланди.
Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан контрабанда йўли билан Сариосиё туманига келтириб берилган.
Таъкидлаш лозимки, мазкур ака-ука муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлари учун судланган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter