Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таълим тизимидаги барча зарурий босма маҳсулотлар сифати АОКА томонидан таъминланади

Таълим тизимидаги барча зарурий босма маҳсулотлар сифати АОКА томонидан таъминланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 2 февраль куни имзолаган қарорида тасдиқланган Дастурга мувофиқ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги таркибидаги матбаа уйлари республика таълим тизими учун зарур бўлган барча босма маҳсулотлар сифати таъминланишини кафолатлайди. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг «Телеграм»даги расмий саҳифасида маълум қилинди.

«Умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртларидаги мавжуд журнал, рейтинг дафтарчаси, талабалик гувоҳномаларининг босма ҳолати таҳлил қилинганда, бир қатор камчиликлар, имловий ва мазмуний хатолар аниқланди, – деди «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи директори ўринбосари Мизроб Бўронов. – Тадбиркорларга кенг йўл очиш борасида қабул қилинган қарор асосида, шу вақтга қадар таълим тизими учун зарур босма маҳсулотлар хусусий корхоналарда босиб чиқарилар эди. Бироқ уларда муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар гуруҳи ишламаслиги, шунингдек, хусусий нашриётлар маҳсулотни давлат стандарти ва санитария инспекцияси назоратидан ўтказмасликлари сабабли юқоридаги камчиликлар кузатилган».

Қайд этилишича, талабалик гувоҳномаси, рейтинг дафтарчалари, синф журналлари, ўзлаштириш табеллари, аттестатлар ва бошқа босма маҳсулотлар сифатини таъминлаш жорий йилдан эътиборан фақатгина Aгентлик тасарруфидаги матбаа уйларига юклатилган.

«Ушбу тизимни жорий этишдан мақсад – босма маҳсулотларнинг сифатлилиги ва санитария меъёрларига мос келишини таъминлашдан иборат, – деди Мизроб Бўронов. – Олий ва ўрта махсус таълими ҳамда Халқ таълими вазирликлари билан қўшма шартнома асосида ҳар йили давлат стандартларига жавоб берадиган ва кафолатланган босма маҳсулотлар буюртма қилинган миқдорда, ўз вақтида таълим муассасаларига етказиб берилади».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг