Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ТАТУга ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўп абитуриент ҳужжат топширди

ТАТУга ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўп абитуриент ҳужжат топширди

Фото: «Mitc.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга жорий йилдаги Мурожаатномасида тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ҳамда замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шартлиги, бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини бериши, зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бораётганлигига алоҳида эътибор қаратганди.

Ҳар бир янги соҳада бўлгани каби рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнида ҳам малакали кадрлар масаласи устуворлик касб этади. Ушбу масалада яъни кадрлар тайёрлашда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг ўрни беқиёсдир.

Мана шу долзарб масалаларни амалга ошириш учун Тошкент ахборот технологиялари университети бу йилги 2020/2021 ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича «Рақамли иқтисодиёт» (тармоқлар ва соҳалар бўйича) таълим йўналиши, магистратура таълим шаклда «Компьютер графикаси ва дизайн», «Компьютер илмлари ва дастурлаш технологиялари (йўналишлар бўйича)», «Геоахборот тизимлари ва технологиялари», «Маълумотлар илми (Data Science)», «Сунъий интеллект», «Оптик толали тармоқлар техник эксплуатацияси», «Мултипликацион фильмлар технологиялари», «Сунъий йўлдошли алоқа тизимлари» каби янги ва замонавий таълим йўналишлари очилди ҳамда абитуриентлар қабули амалга оширилди.

Ўтган 2019/2020 ўқув йилида университетга жами 15 843 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлса, бу йил 25 957 нафар абитуриент ўқишга кириш учун ҳужжат топширган. Яъни ўтган ўқув йилига нисбатан 10 114 нафар ёки қарийб 40 фоиз кўп ҳужжат қабул қилинди. Ёшлар орасида ТАТУда ўқиш истаги ортиб бормоқда.

Бугунги кунда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида кундузги бакалавр таълим шаклида 6 486 нафар, махсус сиртқи бакалавр таълим шаклида 261 нафар, иккинчи мутахассислик таълим шаклида 112 нафар, сиртқи таълим шаклида 1068 нафар, магистратура таълим шаклида 390 нафар, жами 8 317 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Сўнгги йилларда университетда бир қанча янги таълим йўналишлари ташкил этилиб, талабаларга жаҳон стандартларига мос билимлар берилмоқда. Хусусан, ТАТУда 2019/2020 ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича «АКТ соҳасида иқтисодиёт ва менежмент» факультети негизида «Электрон тижорат» таълим йўналиши ташкил этилди ва талабаларга ушбу йўналиш бўйича таълим берилмоқда. Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилида магистратура таълим шаклида «Тиббиётда компьютер тизимлари», «Интеллектуал ахборот-коммуникация тизимлари» каби янги, замонавий йўналишлар очилди ва ушбу йўналишларга ҳам кадрлар тайёрланмоқда.

Бу йил абитуриентларнинг ҳужжатларини қабули жараёнида университет томонидан бир қанча амалий ишлар қилинди. Хусусан, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари қулайлик яратиш, уларда мавжуд саволларга тезда жавоб бериш учун махсус «Call-markaz» ишга туширилган бўлиб, айни вақтда ҳам ушбу марказ ишлаб турибди. Шунингдек, университетнинг расмий веб-сайтида «Қабул-2020« бўлими очилди. Ушбу бўлимда абитуриентлар учун зарур бўлган барча маълумотлар, керакли йўриқномалар берилган.

ТАТУда нафақат қабул жараёнида, балки сентябрь ойининг бошида ўтказилиши режалаштирилаётган Давлат тест имтиҳонлари учун ҳам бир нечта амалий ишлар қилмоқда.

Хусусан, университет талабалари томонидан 2020-2021-ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган биноларнинг геоманзилини кўрсатиб берадиган «ImtihonGo» номли махсус мобил илова ишлаб чиқилди. Мобил иловага Давлат тест маркази томонидан эълон қилинган 2020−2021 ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган жойларнинг геоманзиллари асос қилиб олинган ҳамда шу манзиллар иловага киритилиши режалаштирилган. Илова Google Playга жойлаштирилган бўлиб, дастурни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

Бундан ташқари, университет профессор-ўқитувчилари томонидан Давлат имтиҳонлари шаффофлигини таъминлаш мақсадида бармоқ изи идентификацияси ёрдамида паспорт эгаси ҳақиқийлигини аниқлайдиган махсус ускуна яратилди.

Тизим шахсий паспорт маълумотларини текшириш ва рўйхатдан ўтказиш учун Regula 7024М.111 сканерларини, паспорт чипидаги бармоқ излари билан мурожаат этувчининг бармоқ изларини солиштириш учун BioLink U-Match 3.5 сканерларини (ариза берувчига тегишли паспортни текшириш) ўз ичига олади. Махсус дастурий таъминот биометрик маълумотларни олиш, қайта ишлаш ва сақлаш имкониятига эга.

Оддий сўз билан айтганда, Regula паспорт чипидаги маълумотларни ўқийди ва дастур барча маълумотларни кўрсатади, кейин бармоқ изи сканери абитуриентнинг бармоқ изини сканерлайди ва дастур уни паспорт чипидаги бармоқ изи билан таққослайди.

Университет талабаси бўлиш орзусида ҳужжат топширган барча абитуриентларга омад тилаган ҳолда шуни айтмоқчимизки, ахборот технологиялари соҳаси шиддат билан тараққий этиб бораётган йўналиш, бу йўлни танлаган инсон эса доимий равишда ўз устида ишлаши, инновацион технологияларини ўзлаштириб бориши лозим. Тошкент ахборот технологиялари университети бу йўлни танлаб, синовлардан муваффақиятли ўта олган барча бўлғуси талабалар учун улкан имкониятлар эшигидир.

Манба: mitc.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг