Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Телебошловчининг ўлимига сабаб бўлган шифокорларнинг жазоси ўзгартирилмади

Телебошловчининг ўлимига сабаб бўлган шифокорларнинг жазоси ўзгартирилмади

Марҳум телебошловчи Рамина Ягафарова ўлими бўйича шифокорларга чиқарилган суд ҳукми юқори инстанцияда кўриб чиқилди. 

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2025 йил 7 апрелдаги ҳукмига мувофиқ А. К. (1996 йилда Андижон вилоятида туғилган, “DOKTOR-SERVIS” тиббиёт маркази реаниматологи вазифасида ишлаган) ва Ў. К. (1995 йилда Наманган вилоятида туғилган, “DOKTOR-SERVIS” тиббиёт маркази реаниматологи вазифасида ишлаган) Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Уларнинг ҳар бирига 1,5 йил муддатга соғлиқни сақлаш тизимида реаниматолог вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. 

Шунингдек суднинг ҳукми билан А. К. ва Ў. К.дан солидар тартибда жабрланувчи марҳума Р. Я.нинг қонуний вакили Д. И.нинг фойдасига 334 150 000 сўм миқдорида моддий зарар ундирилиши белгиланган. Жабрланувчининг қонуний вакили Д. И.га жиноят оқибатида етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 30 сентябрдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Эслатиб ўтамиз, бошловчи Р. Ягафарова 2023 йил сентябрда вафот этганди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг