Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Теледебатлар — партиялар ташаббусларини халққа етказиш минбари!

Теледебатлар — партиялар ташаббусларини халққа етказиш минбари!

19 октябрь куни «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга берилган, қизиқарли раундлардан иборат навбатдаги теледебат сайловга янгича руҳ бериб, сиёсий партияларни аҳоли билан боғловчи кўприк вазифасини ўтади, десак муболаға бўлмайди.

Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ислоҳотларни янада жадаллаштириш, биринчи навбатда, аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этишга доир аниқ ечимларга қаратилган мазкур теледебат баҳс ва мунозараларга бой бўлди. Унда партиялар спикерлари сайловолди дастурига киритилган устувор масалалар бўйича тақдимотлар билан чиқишди.

Мазкур дебатда студиянинг жиҳозланиши, катта экранда партиялар вакиллари чиқиши вақтида уларнинг ғоялари намойиш этиб турилганлиги, томошабинлар жойлашувининг ажойиб кўриниш ҳосил қилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, бу дебатда спикерларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этганлиги ва улар савол-жавобларда фаоллик кўрсатганлиги алоҳида аҳамият касб этди.

Теледебатда спикерлар, партия ташаббусларини жамиятдаги масалалар билан боғлаган ҳолда, ўз фикрларини билдиришди.

Хусусан, ЎзЛиДеП спикери ЯИМ ҳажмини 2030 йилгача 160 млрд долларга етказиш, боғча ва мактабдаги педагоглар маошини 2 баравар кўпайтириш, тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағларни 2 карра ошириш каби иқтисодий йўналишдаги муҳим ташаббусларини эълон қилган бўлса, МТДП спикери У.Раҳмонова энг муҳим истеъмол товарларининг бозор нархлари барқарорлигини таъминлаш, «Давлат хизматчисининг ҳалоллик текшируви» институтини жорий этиш каби партия ташаббусларини сайловчиларга етказди.

Экопартия вакили туман (шаҳар)лар бош режаси тасдиқланмагунча қурилиш ишларини тўхтатиб туриш, экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни ҚҚСдан озод этиш ташаббусларига тўхталган бўлса, ХДП спикери партия «Ижтимоий турар-жойлар тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш, дори воситаларининг рекламасини таъқиқлаш тўғрисидаги ташаббусларга устуворлик берилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, «Адолат» СДП спикери партия “Рақамли парламент» тизимини такомиллаштириш, “Кафолатланган биринчи иш жойи» лойиҳасини амалга ошириш каби муҳим таклифларни илгари сураётганлигини маълум қилди.

Эътиборлиси, спикерларнинг партиялар сайловолди дастурларида илгари сурилган ташаббус ва таклифлар юзасидан ўзаро савол-жавоблари қизғин мунозараларга бой бўлди.

Масалан, ЎзЛиДеПга илм-фанга йўналтирилган маблағларни ЯИМдаги улушини 2030 йилгача 10 баравар оширишга давлат бюджети қай даражада тайёрлиги, “Миллий тикланиш» демократик партиясига сифатли таълимни ошириш учун 7-синфдан болаларни қобилиятидан келиб чиқиб ихтисослаштиришнинг афзаллиги, Экопартияга автомобиллар қатнов қисмидан велосипед ва скутерлар учун алоҳида йўлаклар ташкил этишнинг сабаб ва оқибатлари, ХДПга энг кам истеъмол харажатларини белгилашнинг аҳамияти ҳамда “Адолат» СДПга коррупцияга қарши курашиш юзасидан партиянинг аниқ таклифлари бўйича саволлар билан мурожаат қилинди.

Сиз ўз келажагингиз учун қайси партия ташаббусларини муҳим деб ўйлайсиз?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг