Тезкор! Махсус комиссия йиғилиши тафсилотлари эълон қилинди
Республика махсус комиссиясининг юртимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлашда кўрилаётган чораларни мувофиқлаштириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда мамлакатимиздаги эпидемиологик ҳолат ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди. Касалликнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида фуқароларни карантин қоидаларига риоя қилиш борасидаги масъулиятини ошириш бўйича вазифалар белгиланди.
Йиғилишда айтилганидек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда халқаро экспертлар коронавирусга қарши курашиш ва унинг янги тўлқинларини олдини олиш оммавий вакцинация орқали муваффақиятли ташкил этилиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шу муносабат билан сўнгги вақтда дунё миқёсида коронавирусга қарши мажбурий вакцинация амалиёти кенг жорий этилмоқда.
Юртимиз қонунчилигида ҳам “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарорлар чиқариш ваколатига эгалиги кўзда тутилган.
Ушбу қонуннинг 30-моддасида санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар мажмуига профилактик эмлашлар ўтказиш ҳам киритилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан 2015 йил 15 мартда тасдиқланган 0239-07-сонли “Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси” санитария қоидалари ва нормаларидаги эпидемиологик кўрсатма асосида эмлаш жадвалига коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тартиби юзасидан қўшимча киритилди.
Унга асосан:
2021 йил 1 сентябргача 18 ёшдан катта бўлган қуйидаги тоифа ёки гуруҳдаги аҳоли қатлами коронавирус инфекциясига қарши 1-доза вакциналари;
1 октябргача 2-доза вакциналари;
1 ноябргача 3-доза вакциналари билан оммавий эмланиши (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ҳоллар бундан мустасно) шартлиги белгиланди.
Улар қуйидагилар:
- аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектларининг (давлат хизматлари марказлари, почта бўлинмалари, банклар, лизинг ташкилотлари, нотариуслар, суғурта компаниялари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ва бошқаларнинг) ходимлари;
- барча турдаги савдо объектларининг (озиқ-овқат, хўжалик моллари, кийим-кечак дўконларининг, дорихоналарнинг ва бошқаларнинг) ходимлари;
- спорт мактабларининг ҳамда спорт иншоотларининг ходимлари;
- маданий ҳамда кўнгилочар объектларнинг ва дам олиш масканларининг ходимлари;
- меҳмонхоналарнинг, уй меҳмонхоналарининг, хостелларнинг, отелларнинг, ётоқхоналарнинг ва кемпингларнинг ишчи-ходимлари;
- йўловчи ташиш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ходимлари;
- давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг ходимлари;
- ҳарбий хизматчилар;
- умумий овқатланиш корхоналарининг, хусусан, жамоат жойларида жойлашган тезкор овқатланиш шохобчаларининг, чойхоналар, тўйхоналар, кафелар ва ресторанларнинг ходимлари, шу жумладан, маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланувчилар;
- барча турдаги давлат ва нодавлат тиббиёт ва тиббий-ижтимоий объектларнинг ходимлари;
- коммунал хизмат соҳаси ходимлари;
- алоқа ва телекоммуникация объектларининг ходимлари;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ходимлари;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимлари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter