«The Lancet» нашри ўта хавотирли рақамларни ошкор қилди
Исроил армияси Ғазо секторида уруш олиб бораётган сўнгги 9 ой давомида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 186 минг кишидан ортади. Бу ҳақда Буюк Британиянинг «The Lancet» тиббий журналида чоп этилган мақолада сўз боради.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги урушнинг 277-куни қамалдаги Ғазо минтақасида ҳалок бўлганлар сони 38243 нафарга етгани ҳақида хабар берди.
«The Lancet» нашрида чоп этилган мақолага кўра эса, уруш шароити ва Ғазодаги кўплаб бинолар вайрон бўлгани сабаб Фаластин соғлиқни сақлаш ташкилоти қурбонлар ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида олиш ва жамлаш имконидан маҳрумдир.
Қайд этилишича, вайроналар остида ҳам 10 мингдан зиёд жасадлар қолмоқда. Шахси аниқланмаган яна кўплаб марҳумлар номи ҳам умумий саноққа киритилмаган.
«The Lancet» ҳисоб-китобига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган қирғинбаротда 2,4 миллион ғазоликларнинг 7,9 фоизи ҳалок бўлди.
Мақола муаллифлари хавотир билан ёзишича, тиббий масканлар вайрон этилган, минтақада мислсиз гуманитар фалокат ҳукм сураётган ҳозирги шароитда Исроил армияси бомба ва ўқларидан ҳалок бўлганлардан кўра очлик, ташналик ва турли юқумли хасталиклардан ўлим топганлар бир неча баравар кўпроқ бўлади.
Вазият ўта қалтислигини таъкидлаган экспертлар Ғазо секторида ўт очишни бутунлай тўхтатиш ва тиббий ёрдам ҳамда инсонпарварлик кўмаги тизимини қайта йўлга қўйишга чақирган.
Аввалроқ Буюк Британиядаги Oxfam хайрия ташкилоти Исроил армияси томонидан бомбардимон қилинаётган Ғазода XXI асрдаги барча йирик қуролли зиддиятлардан кўпроқ ўлим кузатилаётганини маълум қилганди.
Унга кўра, Исроил ҳарбийлари ҳар куни Ғазода ўртача 250 кишини ўлдирмоқда. Бу XXI асрда Cурия (кунлик 96,5 та ўлим), Судан (51,6), Ироқ (50,8), Украина (43,9), Афғонистон (23,8), Яман (15,8) каби мамлакатларда рўй берган урушлардаги талафотлардан бир неча баробар кўпдир.
БМТ ҳам Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётгани ҳақида бонг уриб келмоқда.
БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош комиссари Филипп Лаззаринига кўра, сўнгги олти ой ичида Ғазо секторида дунёда охирги тўрт йилда кузатилган барча можаролардан кўпроқ болалар ҳалок бўлган.
Қирғиннинг 9 ойига келиб, 21 мингга яқин фаластинлик болалар дом-дараксиз йўқолди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter