Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Tico» ичида занжирга боғлиқ ҳолда каналдан топилган марҳум ўз жонига қасд қилган — Бош прокуратура

«Tico» ичида занжирга боғлиқ ҳолда каналдан топилган марҳум ўз жонига қасд қилган — Бош прокуратура

Ўтган ойда Ҳазорасп тумани ҳудудидан ўтган «Тошсақа» каналдан эркак кишининг мурдаси чиққанди. Марҳум ўзи бошқариб юрган «Tico» ичида, боз бўйнидан занжир ўтказилиб, машинанинг руль қисмига боғланган ҳолда топилгани шов-шувга сабаб бўлганди.

Кўп ўтмай мурданинг шахсига аниқлик киритилиб, у шу туманда истиқомат қилувчи 34 ёшли Н. Қ. экани ва 17 март куни уйидан чиқиб, бедарак йўқолганига ойдинлик киритилди. Шунингдек, ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганидан ҳам хабарингиз бор.

«Xabar.uz» сўровига кўра, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов олиб борилган тергов ҳаракатлари якуни бўйича маълумот берди. Унга кўра, Т.Қ.нинг  бедарак йўқолганлиги ва орадан маълум вақт ўтиб, унинг мурдаси топилганлиги ҳолати бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган деб топилиб, «дело» қўзғатилган  ҳаракатдан тугатилди (ЖПК 83-модда, 1-қисм).

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатларининг бундай якунини маҳкама масъули шундай изоҳлайди.

Тергов-тезкор ҳаракатлари давомида тўпланган далилларга кўра, Т.Қ. бедарак йўқолган сана — 2020 йил 27 март куни бир неча маротаба  «Тошсақа» каналининг Ҳазорасп тумани, Амударё маҳалласи, (ҳозирда Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани) ҳудудидаги «Чап қирғоқ» сув тақсимлаш иншооти атрофида бўлганлиги аниқланди. Шундан келиб чиқиб, у мазкур иншоот атрофида сувга чўккан бўлиши эҳтимолига аниқлик киритиш мақсадида ҳудуд суви тўсилади. Махсус қутқарув хизмати ходимлари олиб борган қидирув ишлари натижасида, дарҳақиқат, тахмин оқланиб, каналдан «Tico» машинаси ва унинг ичидан Т. Қ. мурдаси топилади.

«Tico» кўздан кечирилганда, машина ичкаридан қулфланганлиги, унинг ўт олдиргичи ёниқ ҳолатда, узаткичи эса ҳаракатланиш (2-узаткич) ҳолатида бўлганлиги аниқланади. Шунингдек, автомашина салонидан янги сотиб олинган 2 та қулфларнинг нархи туширилган қутиси борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган. Мазкур ҳолатлар бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Т.Қ. қулф ва занжирларни шу йилнинг 27 март куни (уйидан чиқиб, бедарак йўқолган кун) Ҳазорасп тумани, Янгибозор қишлоғи ҳудудидаги савдо шохобчаси сотувчисидан сотиб олганлиги тасдиқланади. Марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш бўйича ўтказилган суд-тиббий экспертизаси хулосасида Т.Қ.нинг танасида жароҳат излари йўқлиги, нафас йўлларининг сув билан тиқилиши оқибатидаги механик асфикция натижасида вафот этгани зикр этилади.

Бундан ташқари марҳум яқинларининг сўнги йилларда Т.Қ.нинг руҳиятида ўзгаришлар бўлганлиги, унда ўзини ўлдиришга мойиллик сезилаётганлиги мазмунидаги кўрсатмаларидан келиб чиқиб, ишга Хоразм вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансери экспертлари ҳам жалб этилди.

Марҳум кейинги ярим йил давомида уяли телефони орқали «youtube» сайтга кириб, сувдан топилган мурдалар, шундай шаклда ўз жонига қасд қилиш мазмундаги 46 та видео роликларни томоша қилгани аниқлангани ва бу руҳий-асаб касалликлари диспанцери мутахассисларининг хулосаларига уйғун келиши эса Т.Қ. ўз жонига қасд қилганини тасдиқлайди.  

Баён этилганлардан келиб чиқиб, қўзғатилган жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг