Дардимизга даво борми? Тилшунослигимизни кишанлардан халос этайлик
Мактабда ёшларимиз она тили машғулотларида боши ҳам, адоғи ҳам йўқ, бунинг устига дарсликдан дарсликка ўтиш, синфдан синфга кўчиш билан кескин ўзгариб турадиган сон-саноқсиз илмий (лингвистик) қоидаларни ёдлашга мажбур бўлишмоқда. Матннинг, берилган гапларнинг авра-астарини чиқариб, ипидан игнасигача лингвистик таҳлил қилишади. Айниқса, ДТМ томонидан олий ўқув юртларига кириш тестларида «Она тили» ўқув фанидан қўйилаётган тест саволлари шу даражада илмийлашиб кетганки, уларнинг нари борса, ўн фоизигина ўқувчининг оғзаки ва ёзма нутқи учун ишлаши мумкин. Қолганлари фақат олий ўқув юртига киришдан бошқасига ярамайди.
Бу тестларни ечишга ҳар қандай тилшунос ҳам қийналади. Унли товушнинг тил олди ва тил орқалиги, лабланган-лабланмаганлиги, қуйи кенг, ўрта кенг, юқори торлиги, тил ундошнинг лаб-лаб, лаб-тиш, тил олди, тил ёни, тил ўрта, тил орқа товушининг яқин тил орқа, чуқур тил орқалиги ҳақидаги билим боланинг она тили имкониятларини эгаллаши учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас-ку! Йиллаб «Она тили» дарсликларига муккасидан кетиб, репетиторга пул тўлаб уни ўзлаштирмоқчи бўлган ўқувчи ҳам бошқа фанлардан анча кам натижага эришади. Ахир, бу ёш авлодга беҳуда азоб беришдан бошқа нарса эмас-ку! Нега фарзандларимиз оҳига қулоқ тутмаймиз? Нега улар ҳақида қайғурмаймиз?
Аҳвол ОАВларида, ТВда оддий фуқаролар томонидан кўп бора айтилди ва айтилмоқда. Яқинда мен ҚВЗда эшитган мана бу каби саволлар миллат учун шармандалик эмасми:
Уч юз кўҳи қофни келида туймоқ,
Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ,
Ёинки бир аср зиндонда ётмоқ,
Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ.
(Паҳлавон Маҳмуд)
Ушбу тўртликдаги эргаштирувчи боғловчи билан боғланган қўшма гапда феълдан англашилган ҳаракат тарзига бажарувчининг муносабати ифодаланган сўзлардаги ясовчи асоси бир сўз туркуми доирасида омонимлик хусусиятига эга бўлган фонетик ўзгаришга учраган, жарангли, сирғалувчи, овоздор ундош билан тугаган ёпиқ бўғинлар таркибида юқори тор, оғизнинг очилиш даражасига кўра лабланмаган унли неча ўринда қўлланган?
А) 2 B) 3 C) 4 D) 5
Аслида таълим олувчини она тили имкониятлари билан қуроллантириш мақсади йиллар ўтиши билан иккинчи планга сурилиб, назарий билимлар бериш эса биринчи ўринга чиқиб олди. Натижа хаотик равишда улкан муаммони келтириб чиқарди. Шунинг учун мен тилшунос сифатида миллатдошларимизга «она тилимизни, она тили бўйича кириш тестларини тилшунослигимиз кишанларидан халос этиш керак», дея мурожаат қиламан.
Она тили дарсликлари ва кириш тестларини тубдан қайта шакллантириш лозим! Кераксиз тилшуносликдан холи қилинган она тилимиз миллатга хизмат қилсин!
Бахтиёр Менглиев,
ТошДЎТАУ профессори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter