Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Тоҳир Малик кўрмай кетган фильм ёхуд ёпиқ премьерадан очиқ фикрлар

Тоҳир Малик кўрмай кетган фильм ёхуд ёпиқ премьерадан очиқ фикрлар

Фото: «facebook.com»

«Авлоний» фильмига таклиф қилишганида устоз Тоҳир Маликни эсладим. Раҳматли адибимиз ҳаётлигида ўзи ҳақида суратга олинган ҳужжатли фильм премьерасига ҳам келмаган, хасталаниб қолган эди. У кишидан бой мерос қолган эканки, киночилар ҳам, бошқа соҳа вакиллари ҳам ҳали узоқ вақт асарларидан фойдаланадилар.

Аввал бошдан айтай: «Авлоний» мақтаса арзигулик фильм! Ўзбек жадидлари ҳақида ҳикоя қилувчи илк картина! Яқин кунимиздан ёзғириш эмас, аммо бор гап: бундай фильмларни орзу қилардик. Наҳотки, тарихдаги машҳур адибларимиз, шоирларимиз, зиёлиларимиз ҳақида бадиий фильм ишланмайди, деб ўйланардик. Очиғини айтганда, уч йил бурун зиёли қатлам, ижод аҳли билан учрашганида бунга президент ундади, киночилар олдига тарихий фильмлар ишлаш вазифасини қўйди. Натижа чакки эмас! Буни «Авлоний» ва бошқа фильмлар тасдиқлаб турибди.

Режиссёр Музаффар Эркинов Тоҳир Малик асари асосида кенг кўламли фильм олган. Декорация, кўриниш-манзара замон руҳига мос. Поезд, автомобиллар, станция, карвон, қурол-аслаҳалар эски даврники. Бундан ташқари, отишмалар, портлаш, қон саҳналари табиий чиққан. Энг эътиборга молик жиҳати – аксар актёр ва актрисалар томошабинга нотаниш (ёки каминага шундай туюлди). Демак, бу персонажлар «Авлонийлар» ҳақида яхшигина таассурот қолдиради, дейиш мумкин. Масалан, мен бош роль ижрочисини танимадим. Яхши ўйнабди. Муҳими, унинг Авлонийга ўхшашлиги. Қаҳрамонининг кимлиги, ишлари, фаолияти, адашганлиги, хатоси ҳақида нечоғли англаб етганини очиб бера олган. Тез-тез хотирага шўнғигани, Мунаввар қорининг гапларини эслаб туриши яхши ечим!

Дангалини айтиш керак, Авлоний ҳақида кўпчилик билмайди. У ҳақда эшитган бўлиши мумкиндир, бироқ ўқиган дейиш қийин. Шу жиҳатдан ҳам мазкур фильм муҳим аҳамиятга эга. Начора, ўтмишдаги бундай зиёлиларимиз ҳақида киночилар орқали билиб олаверамиз, шекилли!

Фильм марказида зиёли инсоннинг типик вакилини кўрамиз. Унинг илми, ақл-заковати, дунёқараши, қўрқмаслиги, дадиллиги бор бўйи билан намоён бўлади. Фильм «силлиқ» давом этмайди, динамика бор, буни мусиқа кучайтириб боради. Қаҳрамонлар кўп бўлса-да, ортиқчаси барибир йўқ, ҳаммаси ўзаро боғланиб кетган.

Аммо...

«Авлоний» фильми, асосан, бир воқеани изчил ёритган. Тўғри, юқорида айтганимдек, ўқтин-ўқтин «кечаги кун» эслаб турилади. Бироқ воқеалар битта ўзанда кечади. Ўз пайтида Американинг машҳур «Узуклар ҳукмдори» фильми хусусида қаҳрамонларнинг фалон манзилга боргани роса чўзиб юборилгани танқид қилинган эди. 2 соату 10 дақиқалик «Авлоний»да ҳам шундай: қаҳрамонлар не-не машаққатлар ила ниҳоят Афғонистонга бориб, тарихий учрашувга дохил бўладилар.

Эҳтимол, сафар тафсилотларини қисқартириб, Авлоний юртга қайтганини экран ортидан шунчаки гапириб ўтмай, унинг кейинги фаолиятини намойиш этиш, хатоларини англаб етгани, оғир бетобланиб вафот этгани, оиласи ҳақида воеалар силсиласида кўрсатиш керакмиди? Балки бундай лавҳалар ишлангандир ҳам. Чунки фильм аслида беш сериядан иборатлиги айтиб ўтилди. Бироқ катта экранда намойиш этиш учун қисқартирилган 2 соату 10 дақиқалик намойиш, айниқса, ҳозирги ёшлар учун кўплик қилади.

«Авлоний»нинг хотимаси менга русларнинг Есенин ҳақидаги фильмини эслатиб юборди. Унда ҳам сериал адоғида бошқа қаҳрамонларнинг кейинги ҳаёти ва ўлими бир-бир кўрсатилиб ва айтиб ўтилади.

Яна бир мулоҳаза... фильмдаги чопонлар билан боғлиқ! Кўча-кўйдаги йўловчиларда ҳам, кенг майдондаги ўткинчиларда ҳам, уйга ўт қўяётган одамлар эгнида ҳам яп-янги тўнлар! Ҳурматли киночилар, эътиборли бўлинглар, акс ҳолда тарихий фильмингиз моҳиятига путур етиб қолиши мумкин. Эътиборни асосий мазмунга қаратиш учун ҳам бундай «майда-чуйда»ларга синчков бўлиш керак. Демоқчиманки, кичик туюлган мазкур деталлар томошабинни фильм моҳиятидан чалғитиши, ҳафсаласини пир қилиши эҳтимолдан холи эмас...

Бу менинг шахсий фикрларим эди. Сиз ҳам кўринг ва ўз фикрингизни билдиринг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг