Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тожикистондан олиб кирилган 26 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар мусодара қилинди

Тожикистондан олиб кирилган 26 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар мусодара қилинди

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Тошкент вилояти бўйича бошқарма ва божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказган қатор тезкор тадбирлар давомида Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган катта миқдордаги гиёҳванд моддалар аниқланиб, ушланган шахслар қонуний жавобгарликка тортилди.

Тадбирлардан бири давомида 1986 йилда туғилган Тожикистон фуқароси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётган пайтда қўлга олинди. Унинг сумкасини текшириш жараёнида 15 дона ўрамда жами 14 кг 584 гр «гашиш» моддаси аниқланди. Қонунбузарлик билан боғлиқ ҳаракатлар расмийлаштирилди ва терговга қадар текширув бошланди ва мазкур гиёҳванд моддани буюртма қилган шахс ҳам қўлга олинди. 1969 йилда туғилган Фарғона вилояти, Тошлоқ туманида яшовчи фуқаро наркотик моддани Бекобод туманида қабул қилиб олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа бир ҳолатда, Фарғона вилоятидаги тезкор гуруҳ Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахсни контрабанда орқали олиб кирилган 9 кг 467 гр «опий» моддасини сотиш пайтида қўлга олди. Тергов давомида маълум бўлишича, ушбу модда Сурхондарё вилоятига тожикистонлик наркокурьер томонидан олиб келинган ва 1994 йилда туғилган Денов тумани фуқароси орқали Тошкент вилоятига етказилган. У ҳам процессуал тартибда ушланди.

Қўқон шаҳрида «Фарғона–Қўқон» йўналишида ҳаракатланаётган «Ласетти» автомашинаси тўхтатилиб, текширувда йўловчи сифатида ҳаракатланаётган, 1967 йилда туғилган фуқаро бел қисмига 1 кг 759 гр «гашиш» моддасини яширгани фош бўлди.

Шунингдек, «Фарғона–Тошлоқ» йўналишида ҳаракатланаётган «Запарожец» автомашинаси салонида 995 гр «гашиш» моддаси аниқланди. Унга 1995 йилда туғилган ҳайдовчи фуқаро масъул бўлгани маълум қилинди.

Жами ҳисобда ушбу тадбирлар давомида Тожикистондан контрабанда орқали олиб кирилган 26 кг 805 гр гиёҳванд моддалари ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг