«Толибон» ҳарбий салоҳиятини намойиш қилди
Уч йил аввал, 15 август куни «Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳокимият тепасига қайтган эди. Шу сана муносабати билан бир пайтлар АҚШ ҳарбий контингенти қароргоҳи бўлган Багром базасида ҳарбий парад ташкил қилинди.
Парадда «Толибон» ҳаракатига Ашраф Ғани маъмуриятидан мерос бўлиб ўтган Ғарб давлатлари ҳарбий техникаси, совет даври аслаҳалари, шунингдек, вертолётлар, қирувчи учоқлар намойиш этилган.
Бу каби ҳарбий парадлар Афғонистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилган.
2021 йилнинг 15 август куни «Толибон» ҳаракати АҚШ томонидан дастакланган Ашраф Ғани ҳокимияти ўрнига давлат тепасига келган, собиқ ҳукумат раҳбарияти эса чет элга чиқиб кетган эди.
Толиблар 2021 йил 19 август куни Афғонистон Ислом Амирликлари тузилганини расман эълон қилар экан, «барча давлатлар билан яхши дипломатик ва савдо алоқаларини йўлга қўйиш» истагини билдирганди.
Таҳлилчиларга кўра, ўтган 3 йил мобайнида «Толибон» маъмурияти хавфсизликни таъминлаш ва гиёҳвандлик моддалари тарқалишига қарши кураш борасида ютуқларга эришди. Аммо ҳозирга қадар толиблар ҳукуматини дунёдаги бирор бир давлат тан олгани йўқ. Халқаро ҳамжамият Кобул маъмуриятидан инклюзив ҳукумат тузиш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилиб келмоқда.
БМТ Хавфсизлик кенгаши 2003 йилда «Толибон»ни террорчи ташкилот деб тан олган.
Жорий йил июнь ойи бошида Қозоғистон «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқарди.
Россия Федерацияси Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари ҳам президент Владимир Путинга «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш таклифи билан мурожаат қилди.
Москва ҳозирча бундай қарор қабул қилгани йўқ, аммо жорий йил июль ойида Путин «Толибон»ни терроризмга қаши курашда Россиянинг иттифоқчиси деб атади.
Ўзбекистон ҳукумати ҳам Афғонистон муваққат ҳукумати билан фаол музокаралар юритиб келмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев халқаро машваратларда дунё ҳамжамияти эътиборини ён қўшнимиз бўлган ва кўп миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазиятга қаратиб келмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter