Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўқаев «миллат виждонлари»ни уйғонишга ундади

Тўқаев «миллат виждонлари»ни уйғонишга ундади

Ўтмишдаги улуғлик ҳақидаги фойдасиз баҳс-мунозараларни тўхтатиб, келажак ҳақида кўпроқ қайғуриш керак. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Egemen Qazaqstan» умуммиллий газетасида чоп этилган интервьюсида гапирди. Суҳбатни Қозоғистон Фанлар академияси академиги, таниқли олим Дихан Қамзабекўғли олиб борган.

«Биз ўтмишдаги улуғлик ёки хафагарчиликлар хусусидаги фойдасиз баҳс-мунозараларга берилиб, эскилик тузоғига тушиб қолмаслигимиз керак. Албатта, умуммиллий ўзлигимизда тарих ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис ҳам давлат ушбу йўналишда тизимли фаолият олиб бормоқда... Бир сўз билан айтганда, кўп асрлик тарихимизни ўрганиш, тарихий адолатни тиклаш бизнинг устувор вазифаларимиздан бўлади», – деди Қозоғистон президенти.

Айни чоқда, у миллатнинг ўтмишда ким бўлганидан кўра келажакда ким бўлиши муҳимроқ эканини урғулади.

«Биз нафақат ўтмишдаги босиб ўтилган мураккаб йўлимиз борасида, балки истиқболда нимага интилаётганимиз борасида ҳам якдил бўлишимиз керак. Биз тарихий ёдномалар билан эмас, балки келажак йўлидаги саъй-ҳаракатлар билан яшашимиз, миллатимиз буюклигини амалда кўрсатишимиз лозим. Биз маданиятда тақлидчилик, сохта ватанпарварлик ва тийиқсиз мақтанчоқликдан халос бўлмоғимиз даркор. Мавжуд камчиликлардан кўз юмиш ўрнига уларни бартараф этишга ҳаракат қилиш керак. Бу жиҳатлар долғали дунёда Қозоғистон истиқболи учун муҳим аҳамият касб этади», – деди Қ.Тўқаев.

Сиёсий етакчи «миллат виждони» деб улуғланадиган зиёлиларга ҳам залворли масъулиятини эслатиб ўтган.

«Очиғини айтганда, ўзини «миллат виждони» деб атайдиган барча зиёлиларимиз ҳам зиммасидаги эзгу вазифани муносиб адо эта олмаётир. Маънавий жабҳада раҳбарлик қилиш ўрнига улар икир-чикир мавзуларда ёзғириш, ўзини ўзи мақташ ва моддий масалаларига эътиборсизлик важидан ҳукуматга нисбатан шикоятбозлик билан банд. Бу эса миллий мафкура равнақига ғовдир», – деб таъкидлади у.

Қозоғистон раҳбари умуммиллий қадрият ва манфаатларни устун қўйган ҳолда халқни бирлаштириш ҳаёт-мамот масала эканини таъкидлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг