Тошкент ботаника боғида дарахтлар кесиляптими? Ҳокимият изоҳ берди
Ижтимоий тармоқда Тошкент Ботаника боғи ҳудудида дарахтлар кесилаётгани ва қурилиш ишлари бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Юнусобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Қайд этилишича, Ботаника боғи ҳудудида дарахт кесиш ишлари олиб борилмаяпти. Аксинча, аҳоли учун қулай ҳордиқ чиқариш шароитларини яратиш ва дарахтлар учун зарур намгарчиликни ошириш мақсадида махсус лойиҳа асосида сунъий кўл ташкил этилмоқда.
Лойиҳага кўра, кўлнинг майдони 0,5 гектар, сув ҳажми 10 минг куб метрни ташкил этади. Шунингдек, 1,2 километр узунликда велосипед ва пиёдалар йўлаги ташкил этилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, ҳудудга 180 туп дарахт экилади.
Фанлар академияси Ахборот хизмати ҳам Ботаника боғидаги ишлар юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, ҳозирда Ботаника боғининг буфер зонасида 50 сотих майдонда сув ҳавзаси ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, мазкур ҳудуд Ботаника боғининг коллекция майдонларига кирмайди. У ерда асосан табиий равишда ўсиб чиққан ўсимликлар, жумладан, маймунжон, қамиш ва бошқа ёввойи ўсимликлар мавжуд. Сув ҳавзаси ташкил этилаётган майдонда Ботаника боғининг илмий коллекциясига мансуб дарахт ва буталар мавжуд эмас.
Ишлар экология мутахассислари ҳамкорлигида олиб борилмоқда. Ҳудуддаги ишлар экологик талабларга мувофиқ ташкил этилиши ва мавжуд яшил ҳудудларга зарар етказилмаслиги назорат қилинмоқда.
Сув ҳавзасини ташкил этишдан асосий мақсад сув ўтлари, сув бўйида ўсувчи дарахт ва буталар экотизимини яратиш, уларни тадқиқ қилиш ҳамда тегишли тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Шунингдек, сув ҳавзаси микроиқлим барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter