Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент давлат стоматология институти Англиянинг Borrow жамғармаси халқаро илмий грантини қўлга киритди

Тошкент давлат стоматология институти Англиянинг Borrow жамғармаси халқаро илмий грантини қўлга киритди

Бугунги кунда оғиз бўшлиғи касалликлари, жумладан тиш кариеси ер юзида энг кенг тарқалган касалликлардан бири бўлиб, дунё аҳолисининг 95-98% кариес билан зарарланиши тасдиқланган. Кариесга қарши кўплаб профилактика усуллари ишлаб чиқилганлигига қарамасдан, дунё аҳолиси орасида, айниқса болалар ўртасида оғиз бўшлиғи касалликлари, жумладан кариес билан зарарланиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Тошкент давлат стоматология институти доценти, тиббиёт фанлари доктори, инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи, болалар терапевт – стоматологи Бахтинур Худанов таъкидлашича, мактаб ёшидаги болаларда кариес сут ва доимий тишларда катталарга нисбатан тез кечади, бир – бир ярим йилда тиш емирилади, тезда асоратлар ривожланади, баъзан емирилиш пломба остида ҳам давом этади.

Шу билан бир қаторда, болалар ўртасида кариеснинг тарқалишини аниқлашга бағишланган комплекс изланишлар, профилактика соҳасида олиб борилган илмий ишларнинг нисбатан камлиги ва бу соҳани замонавий талабларга мос тизимлар билан бойитиш лозимлигини тақозо этмоқда.

Мазкур йўналишда олиб борилаётган илмий ва амалий ишларни мувофиқлаштириш, аҳоли орасида тиббий маданиятни ошириш, профилактик чора – тадбирларни такомиллаштириш мақсадида, Тошкент давлат стоматология институти ва Германиянинг Виттен/Хердекке университети олимлари Республикамиздаги стоматологик вазият хақида аниқ маълумотларга эга бўлиш ҳамда инновацион профилактик тизим яратиш учун мўлжалланган илмий–амалий лойиха дастурини ишлаб чиқди.

Англиянинг Borrow жамғармаси томонидан эълон қилинган грант танловида стоматология институти ва Германиядаги ҳамкор университет олимлари мазкур лойиҳа билан муваққиятли иштирок этиб, ғолиб бўлишди, дейди т.ф.д., институт ректори Нодир Хайдаров.

Лойиҳа доирасида республикамиздаги 7 ва 12 ёшли мактаб ўқувчиларида оғиз бўшлиғи касалликларининг тарқалиши, жадаллиги кўрсаткичи, худудлардаги ичимлик сувларида фтор иони миқдори ва мазкур ҳолатнинг болалар антропометрик кўрсаткичларига боғлиқлигини ўрганилади ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилади.

Лойиҳа  халқаро грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб, институтнинг 40 ортиқ профессор-ўқитувчилари томонидан 12.000 ортиқ мактаб ўқувчисини халқаро мейёрлар асосида кенгайтирилган стоматологик кўрикдан ўтказишни таъминлайди.

Мазкур лойиҳа долзарблиги, илмий ва амалий аҳамияти уйғунлиги боис Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қўллаб қувватланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг