Тошкент вилоятида қўлбола дори воситалари тайёрланган яширин цех фош этилди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилоятида қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланган яширин цех фаолияти тўхтатилди.
Маълумотларга кўра, Тошкент туманидаги уйлардан бири 41 ёшли пойтахтлик фуқаро томонидан ижарага олиниб, у ерда қўлбола шарт-шароитда ноқонуний равишда дори воситалари тайёрланган. Текширув давомида жами 594 127 дона, 49 номдаги дори воситалари — жумладан, «Фуцис», «Просульпин», «Урсосан», «Арбидол» ва бошқалар тайёрлангани аниқланди.
Шунингдек, объектдан 168 кг хомашё, қадоқлаш учун мўлжалланган материаллар, бўш қути ва капсулалар, дори ёрлиқлари ҳамда 50 дона махсус ускуна — станок ва пресс-формалар топилиб, тегишли тартибда олиб қўйилди.
Шунингдек, фуқаронинг Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги яшаш манзилида ўтказилган қидирув чоғида эса қўшимча равишда 28 640 доза дори воситалари, ампулалар, суюқликлар, 18 280 дона номсиз шамча ва улар учун маркировкалар, капсулалар ҳамда пресс-формалар аниқланди.
Дастлабки маълумотларга кўра, у дори тайёрлаш учун зарур бўлган хомашёни интернет орқали номаълум шахслардан буюртма қилиб олган. Мазкур тайёрланган қалбаки дори воситалари Тошкент ва Бухоро вилоятларидаги дорихоналар орқали тарқатилган. Мусодара қилинган маҳсулотлар ва ускуналарнинг умумий қиймати қарийб 10 миллиард сўмга тенг экани қайд этилмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми «а» банди асосида жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter