Тошкентда 4 ёшли бола тарвуздан заҳарланиб вафот этди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 4-сон шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонасида 4 ёшли боланинг вафот этганига доир хабарлар тарқалди. Унда марҳумнинг отаси фарзандига шифокорлар беэътибор бўлганлигини билдирган.
Тошкент шаҳар ССБ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йил 15 август куни 2021 йилда туғилган З.А. ота-онаси томонидан 4-сон шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонасига кетма-кет қайт қилиш, тана ҳарорати кўтарилиши, ич кетиши, ҳолсизлик ва қорин оғриғи шикоятлари билан олиб келинган. Беморнинг онасидан шу заҳоти эпидемиологик анамнез йиғилган.
Аниқланишича, оиланинг 3 нафар фарзандида уйда тарвуз истеъмол қилгандан сўнг кетма-кет қайт қилиш, ич кетиш, тана ҳарорати кўтарилиши белгилари кузатилган. Учала бемор юқорида номи келтирилган шифохонага ётқизилган.
Айнан З.А.да кетма-кет қайт қилиш, ичининг суюқ кетиши ва тана ҳароратининг 38 даражагача кўтарилиши ҳамда қорин оғриғи кузатилган.
Унга «Ўткир ичак инфекцияси, гастроэнтероколит тури. Асорати: токсикоз-эксикоз 1-2 даража» ташхиси қўйилган.
Бола шифохонага келтирилиши билан умумий ва биохимик қон, нажас ва сийдик умумий таҳлиллари қилинган. Бактериологик экма олинган ва қорин бўшлиғи ультратовуш текширувидан ўтказилган. Сувсизланиш (тана ҳарорати баландлиги, кетма-кет қайт қилиш аломатлари)ни инобатга олган ҳолда, даволаш режаси тузилган. Шу асосда сувсизланишни бартараф этиш учун томир ичига суюқлик юбориш муолажаси ўтказилган ва антибиотик (этиотроп) терапия бошлаб юборилган.
Ана шу саъй-ҳаракат натижасида 1 сутка давомида бола тана ҳарорати 37,7 даражада бўлган, ич кетиш камайган, қайт қилиш ва кўнгил айниш белгилари эса сақланиб қолган.
Бола даволовчи бўлим шифокори назоратида бўлиб, тиббиёт ходимлари томонидан консилиум ўтказилган ҳамда қўшимча даволаш режаси белгиланган.
Бемор соат 20:40 ва 23:00 да навбатчи шифокор томонидан кўрилган. Кўрик вақтида қусиш 4-5 марта давом этганлиги ва тана ҳарорати 37,7 бўлганлиги, сувсизланиш белгиси сақлангани кузатилган. Сувсизланиш кучайишининг олдини олиш учун томир ичига суюқлик ва қусишга қарши дори воситаси юборилган.
Онаси тунги соат 01:50 да навбатчи ҳамширага болани кўрсатган. Ҳамшира бемор аҳволини кўриши билан уни реанимация бўлимига ўтказган. Бу ерда 40 дақиқа давомида реанимация шифокори, навбатчи шифокор ва тиббиёт ходимлари томонидан реанимацион тадбирлар бажарилган. Юқори нафас йўли электроотсос ёрдамида тозаланган (электроотсос ишлаши учун, яъни манфий босим ҳосил қилиш учун электроотсос аппарати ичига 1-2 литр сув қуйилади), амбу ёрдамида нафас берилган, билвосита юрак ёпиқ массажи ўтказилган, керакли шошилинч тез ёрдам дори воситалари юборилган.
Кўрилган тезкор реанимацион тадбирларга қарамай, болада соат 02:30 да биологик ўлим қайд этилган.
Республика суд-тиббий экспертизаси дастлабки хулосасига кўра, бола «ўпка-юрак етишмовчилигининг бошқа турлари, А09 ичак инфекцияси билан боғлиқ, деб тахмин қилинган диарея ва гастроэнтерит» сабаб вафот этган.
Ҳозирги вақтда З.А.нинг ўлими бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув олиб борилмоқда.
Манба: t.me
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter