Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда илк аёл врач хотираси абадийлаштирилди

Тошкентда илк аёл врач хотираси абадийлаштирилди

12 ноябрь куни Тошкентда замонавий тиббиёт равнақига салмоқли ҳисса қўшган Гулсум Асфандиёровага (1880–1937) аталган хотира ёдгорлиги очилди.

Умрини тиббиётга бағишлаган шифокорнинг қабри қаерда экани кўп йиллардан буён номаълум эди. 2021 йили кўнгиллилар гуруҳи унинг мангу қўнимгоҳи Тошкентдаги Боткин қабристонида эканини аниқлади.

Қозоғистон миллий тиббиёт университетининг саъй-ҳаракати билан Гулсум Асфандиёрованинг қабри обод қилиниб, хотира ёдгорлиги барпо этилди.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов ёдгорлик очилиш маросимида ушбу ҳодиса икки қардош халқ ўртасидаги маданий, тарихий алоқаларнинг мустаҳкамлиги рамзи эканини таъкидлади.

«Гулсум Асфандиёрова нафақат Қозоғистон ва Ўзбекистонда, балки бутун минтақада соғлиқни сақлаш соҳаси равнақига улкан ҳисса қўшган. Бу аёлнинг ҳаёт йўли фидокорлик ва инсонийлик нақадар муҳим экани, бир инсоннинг меҳнати миллионлаб инсонлар тақдирини ўзгартириши мумкинлигини яна бир карра тасдиқлайди», – деди Б.Атамқулов. 

Қозоғистон миллий тиббиёт университети ректори Марат Шоранов кўп йиллар мобайнида номаълум бўлиб келган қабрнинг топилиши ва унинг обод қилинишини «тарихий адолатнинг тикланиши» деб атади.

«Гулсум ва Санжар Асфандиёровлар каби улуғ инсонларнинг хотирасини абадийлаштириш бизнинг бурчимиздир. Биз авлодлар ёдгорлик ўрнатиш билан уларнинг тиббиёт равнақига қўшган улкан ҳиссасига камтарона миннатдорлик билдирмоқдамиз, холос. Гулсум Асфандиёрова яшаган даврда аёлларнинг олий маълумот олиши имконсиз эди. Шунга қарамай, у олға интилди. Унинг ютуқлари Марказий Осиёнинг кўплаб аёлларга илҳом ва куч бағишлади», – деди М.Шоранов.

Хотира тадбирлари доирасида Тошкентда Г.Асфандиёрова фаолиятига бағишланган халқаро илмий анжуман ҳам ўтказилди.

Гулсум Асфандиёрова 1880 йили Тошкентда туғилган. Унинг онаси Абилайхоннинг авлоди бўлган, отаси эса ҳарбий таржимон сифатида фаолият юритган.

Манбаларга кўра, у Марказий Осиёда шифокорлик фаолияти билан шуғулланган ва бу бўйича олий ўқув юрти дипломини олган қозоқ миллатига мансуб илк аёл саналади.

1908 йилда Санкт-Петербургдаги аёллар тиббиёт институтини тамомлаб Тошкентга қайтган Гулсум Асфандиёрова бу ерда акушерлик ва гинекологлик фаолиятини олиб борган. Илк хусусий туғруқхонани очган.

Акаси – олим, шифокор ва давлат арбоби Санжар Асфандиёров билан биргаликда Туркистонда соғлиқни сақлаш тизими тамал тошини қўйишда жонбозлик кўрсатган. Маҳаллий аҳоли вакиллари орасидан шифокорлар ва ҳамширалар етишиб чиқишида унинг хизмати катта.

Г.Асфандиёрова узоқ йиллар Тошкент тиббиёт техникумида ҳам дарс берган.

Сталин қатағони даврида акаси отувга ҳукм қилингач, Гулсум Асфандиёрованинг ҳаётида ҳам синовли давр бошланган. У қатағон сиёсати авжига чиққан даврда Тошкентда вафот этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг