Тошкентда илк бор “Classical music fest in Tashkent” халқаро мусиқа фестивали ўтказилди

Пойтахтимизда илк маротаба ташкил этилган “Classical music fest in Tashkent” халқаро мусиқа фестивали ўзига хос баланд нуқтада ниҳоясига етди.
Фестивалнинг ёпилиш концертида дунё миқёсида танилган скрипкачи Марк Бушков ва Ўзбекистон давлат симфоник оркестри томошабинларга унутилмас мусиқа кечасини ҳадя этишди.
Тантанали концертда Ўзбекистон давлат филармонияси бош директори Анвар Тожибоев, машҳур композитор Алексей Шор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алибек Кабдураҳмонов, маданият ва санъат намояндалари ҳамда классик мусиқа ихлосмандлари иштирок этдилар.
Дастурда буюк композиторлар П. И. Чайковскийнинг “Ғамгин серенада” ва “Гамлет” увертюра-фантазияси ҳамда Алексей Шорнинг скрипка учун концерти маҳорат билан ижро этилди. Залдаги томошабинлар ва мутахассислар ижрони катта завқ билан тинглаб, санъаткорларни гулдурос олқишлар билан кузатишди.
Композитор Алексей Шор ҳам саҳнага чиқиб, ижрочилар — Марк Бушков ва оркестрнинг бадиий раҳбари Камолиддин Ўринбоевга самимий миннатдорлик изҳор қилди.
Асарлардан сочилган оҳанглар томошабинларнинг қалбини забт этиб, концерт залини мусиқа ва руҳий юксалиш муҳитига айлантирди. Дастур якунида Марк Бушковга ташкилотчилар томонидан катта гулдаста тақдим этилди.
Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Европанинг маданиятни қўллаб-қувватлаш фонди ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилди.
Маълумот учун: 2025 йил 22 сентябрдан 3 октябргача давом этган мазкур фестиваль Ўзбекистон санъат ҳаётида янги саҳифа очди. Унда дунё саҳналарида ном қозонган мусиқачилар — Беҳзод Абдураимов, Станислав Юденич, Максим Венгеров, Марк Бушков, Эквон Сунвоо, Александр Чаушян, Михаил Плетнёв — Ўзбекистон Миллий ва Давлат симфоник оркестрлари ҳамроҳлигида ўз маҳоратларини намойиш этдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter