Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда «Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрни» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

Тошкентда «Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрни» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

Жорий йилнинг 5-6 декабр кунлари Туркий давлатлар ташкилоти, ЎзЖОКУ ва Туркий давлатлар географик кенгаши ҳамкорлигида «Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрни» мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Халқаро конференциядан кўзланган асосий мақсад Туркий халқларнинг минг йиллар аввал шаклланган тарихини янада чуқурроқ ўрганиш, сиёсий, иқтисодий, маданий, географик ўтмишини талқин қилиш, миллий-маданий ўзлигига таяниб муштарак тарихини, бирлик ва қардошлик ғоясига хизмат қиладиган манбаларни яратиш ва келажак авлод учун етказиб беришдан иборат.

Конференцияда Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган олимлар, олий таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва эксперт ҳамжамиятларининг вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.

Тадбирда Туркий давлатлар географик кенгаши бош котиби Ойбек Норинбоев, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, Istanbul Ticaret Universiteti ректори Абдулҳамид Авшар, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё халқаро конференциянинг бугунги кундаги тарихий аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Халқаро конференция «Туркистонда сиёсат ва бошқарув, Туркий давлатчилик анъаналарининг асослари», «Туркистонда илм-фан ва маданият ёхуд Ўрта аср классик Ислом маданияти тимсолида Мовароуннаҳр», «Туркистоннинг меъморий обидалари ва санъати», «Туркистоннинг Туркий ва минтақа халқлари ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти», «Туркистон ва Туркий дунё» каби йўналишларда ўз фаолиятини олиб борди.

Шунингдек, туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг тилида ўтказилган мазкур халқаро конференциянинг чуқур илмий изланишлар учун замин яратгани таъкидланди.

Халқаро конференциянинг иккинчи куни Туркиянинг Istanbul Ticaret Universiteti Инсон ва жамият факултети Таълим Билимлари кафедраси ўқитувчиси, филология фанлари доктори З.Камалованинг «Туркистон ва Туркистон кимлиғи нуқтаи назаридан тарих ва талқин» ва Ўзбекистон Миллий университети Картография кафедраси таянч докторанти С.Уврайимовнинг «Ислом маданий мерос объектларининг интерактив веб хариталарни яратиш масалалари» (Ўзбекистон мисолида) каби мавзулардаги маърузалар билан давом этади.

Қайд этилишича, халқаро конференциянинг амалий натижаси сифатида маърузачи олимларнинг ва иштирокчиларнинг илмий мақолалари алоҳида тўплам шаклида нашр этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг