Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп тинчликпарвар ролини Яқин Шарқда ҳам йўқотяпти – Euronews

Трамп тинчликпарвар ролини Яқин Шарқда ҳам йўқотяпти – Euronews

Фото: AP

Доналд Трампнинг тинчликпарвар роли нафақат Украинада, балки Яқин Шарқда ҳам муваффақиятсизликка учрамоқда.

Исроил ва ҲАМАС ўртасида ҳалигача ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгани йўқ, Ғазодаги вазият эса ёмонлашишда давом этмоқда, деб ёзмоқда Euronews.

Президент Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф пайшанба куни АҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни тўхтатаётганини, бунга ҲАМАСнинг «сулҳ битимига эришиш истаги йўқлиги» сабаб бўлганини маълум қилди. У, шунингдек, АҚШнинг музокаралар гуруҳини Қатардан маслаҳатлашувлар учун қайтараётганини айтди.

«Воситачилар қаттиқ ҳаракат қилган бўлса-да, ҲАМАС ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирмаяпти ёки виждонан ҳаракат қилмаяпти, - деди Уиткофф баёнотида. – Энди биз гаровга олинганларни уйларига қайтаришнинг муқобил вариантларини кўриб чиқамиз ва Ғазо аҳолиси учун янада барқарор муҳит яратишга интиламиз».

Қўшма Штатлар қандай «муқобил вариантлар»ни кўриб чиқаётгани номаълум. Оқ уй ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади, Давлат департаменти ҳам.

Ғазодаги вазият ёмонлашишда давом этар экан, Трамп маъмурияти Исроил ва ҲАМАС ўртасида бир неча ой давомида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда муваффақиятга эриша олмади.

Фаластин анклавида яқинда 21 ойлик уруш давомидаги энг ҳалокатли кун содир бўлди – якшанба куни камида 85 фаластинлик озиқ-овқат олишга уринаётган пайтда ҳалок бўлди.

Томонлар Қатарда бир неча ҳафталик музокаралар олиб боришган бўлсада, анклавда тинчлик ўрнатиш борасида катта ютуқларга эришолмади.

Расмийларнинг таъкидлашича, музокараларда асосий тўхтаб қолган нуқта Исроил қўшинларини ўт очишни тўхтатишдан кейин қандай қилиб қайта жойлаштириш масаласидир.

Пайшанба куни эрталаб Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси ҳам музокара олиб бораётган гуруҳини чақириб олди. Қисқа баёнотда бош вазир идораси Уиткофф ва воситачилар – Қатар ҳамда Мисрнинг саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди, аммо ҳеч қандай маълумот бермади.

Маълум бўлишича, муҳокама қилинаётган келишув 60 кунлик оташкесимни ўз ичига олади, унга кўра ҲАМАС Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликлар эвазига 10 нафар тирик гаровдагини озод қилади ва яна 18 кишининг жасадини топширади. Шунингдек, анклавга инсонпарварлик ёрдами етказиб берилишини кўпайтиради ва икки томон ўртасида узоқ муддатли сулҳ бўйича музокаралар олиб боради.

Euronews нашрининг ёзишича, музокаралар зиддиятли талаблар туфайли тўхтаб қолди. ҲАМАС барча гаровдагиларни фақат Исроил қўшинининг тўлиқ олиб чиқиб кетилиши ва урушни тугатиш эвазига озод қилишини айтмоқда.

Исроил, ҲАМАС ҳокимиятдан воз кечмагунича ва қуролсизланмагунча урушни тугатишга рози бўлмаслигини айтган, бу шартни эса Фаластин гуруҳи рад этган.

«Бу ўзини тинчликпарвар сифатида кўрсатган ва Тинчлик учун Нобел мукофотини қўлга киритиш истагини яширмаган Трамп учун яна бир омадсизликдир. Республикачи президент, шунингдек, Украинадаги урушни тезда тугатиш бўйича музокаралар олиб боришга ваъда берди, бироқ у ерда ҳам озгина муваффақиятга эришилди, холос.

Ғазодаги урушга келсак, Трамп шу ой бошида Нетаняҳу билан Оқ уйда учрашган ва унинг муваффақиятга эришиш ва ўт очишни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган.

Аммо Исроил раҳбари Эрон ядровий иншоотларига қўшма зарбалар берганидан кейин ҳеч қандай муваффақиятга эриша олмай Вашингтонни тарк этган бўлса ҳам, Америка президентининг Нетаняҳу билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди», – деб ёзади нашр.

Манба: ru.euronews.com

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг