Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия разведкаси Дохадаги ҳужум ҳақида аввалдан огоҳлантирган – WSJ

Туркия разведкаси Дохадаги ҳужум ҳақида аввалдан огоҳлантирган – WSJ

9 сентябр куни Исроил ҳаво кучлари Катар пойтахти Дохада ҲАМАС раҳбарларига қарши ҳаво зарбалари уюштирди. Бу воқеа халқаро майдонда турли баҳсларга сабаб бўлди.

Туркия ва Мисрдан огоҳлантириш

The Wall Street Journal хабар қилишича, ҳужумдан бир неча ҳафта олдин Туркия ва Миср расмийлари ҲАМАС раҳбариятини эҳтиёт чораларини кучайтиришга чақирган. Туркия Миллий разведка ташкилоти (MİT) эса Дохадаги ҲАМАС делегациясини Исроилнинг зарбаси ҳақида огоҳлантирган.

Туркиянинг Türkiye газетаси MİT махсус гуруҳи Исроил авиациясининг ҳаракатини кузатиб борган. Огоҳлантиришдан сўнг ҲАМАС делегацияси хавфсизлик чораларини кучайтиргани ва асосий раҳбарлар тирик қолишга муваффақ бўлгани ҳақида ёзди.

Ҳужум ва ҳалок бўлганлар ҳақида турли маълумотлар

Исроилнинг ҳаво зарбалари нафақат Доха, балки Тунис яқинидаги гуманитар флотилияга (Global Samud), Суриянинг Латакия ва Тартус шаҳарларига, шунингдек Ливан ва Фаластин ҳудудларига ҳам йўналтирилгани хабар қилинди.

Дохадаги ҳужумда ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиларидан бири Халил ал-Хайянинг ўғли Ҳаммам ва унинг ёрдамчиси Жиҳод Лабед ҳалок бўлгани айтилди. Шу билан бирга, Катар Ички ишлар вазирлиги бир неча киши, жумладан хавфсизлик хизматчиси ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Бироқ ҲАМАС, айрим ОАВлар ёзаётганидек, ўз делегацияси раҳбарлари ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Уларга кўра, делегация аъзолари соғ-омон, лекин зарбада олти киши, жумладан Халил ал-Хайянинг ўғли ҳалок бўлган.

Исроилнинг расмий изоҳлари

Исроил расмийлари ҳужум натижаларидан тўлиқ қониқиш билдирмади. Армия радиоси мухбирининг таъкидлашича, мамлакат хавфсизлик тизимида «ҳужум самарадорлиги бўйича жиддий шубҳалар» мавжуд.

АҚШдаги Исроил элчиси Йехиэль Лейтер ҳам Fox News телеканалига берган интервьюсида бу борада аниқ жавоб бермади:

«Агар бу сафар мақсадга эриша олмаган бўлсак, кейинги сафар эришамиз», – деди у.

Халқаро реакция

Европа Иттифоқи, Канада ва Буюк Британия Исроилнинг Дохадаги зарбасини қоралади. АҚШ президенти Дональд Трамп воқеани «қайғули ҳодиса» деб атади, бироқ бу «тинчликка олиб келиши мумкин» деган умидини ҳам билдирди.

Катар бош вазири шайх Моҳаммад бин Абдурраҳмон бин Жасим Ал Таний эса Исроилни «халқаро ҳуқуқни бузиш» ва «давлат терроризми»да айблади ҳамда жавоб чоралари кўрилишини маълум қилди.

Ҳужумнинг сабаби

Исроил расмийлари «Саммит олови» деб номланган операция Иерусалимдаги терактдан кейин амалга оширилганини маълум қилди. У ерда икки нафар қуролланган шахс одамларга ўқ узиб, олти кишини ўлдирган эди. Ҳужум учун жавобгарликни ҲАМАС ўз зиммасига олган.

Халқаро экспертлар ушбу воқеа ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги тўқнашувларни янада кучайтиришини тахмин қилмоқда. Шу билан бирга, Туркия разведкаси огоҳлантириши сабабли ҲАМАСнинг асосий раҳбарлари тирик қолгани воқеанинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида қайд этилмоқда.

Манба: wsj.com

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг