Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркияда электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотлар қандай натижа берди?

Туркияда электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотлар қандай натижа берди?

Фото: Twitter

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ ) мутахассислари Туркияда электр энергетикаси тизимида амалга оширилган ислоҳотлар қандай натижа бергани ва бунинг омилларини ўрганди.

Ислоҳотлардан аввалги даврда Туркия электр энергетикаси соҳаси

Ислоҳотлар бошланишидан аввал Туркияда электр энергетикаси соҳаси давлатга тегишли бўлиб, соҳанинг барча йўналишларини ўзида бирлаштирган компания томонидан бошқарилар эди. 1970 йилдан электр энергетикаси соҳасини назорат қилиб келаётган Туркия электр энергетикаси бошқармаси, 2009–2013 йиллардаги ислоҳотлар натижасида, иккита алоҳида давлат ташкилотига бўлинди. Булар — Туркия электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш (TEİAŞ) ҳамда Туркия электр энергиясини тақсимлаш (TEDAŞ) давлат компаниялари. Соҳадаги дастлабки ислоҳотлар 1980-йилларда Туркияда бозор иқтисодиётига ўтишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар билан бир вақтда бошланди.

Мазкур кенг кўламли ислоҳотлар бошланишидан аввал Туркияда иқтисодий сиёсатни белгилашда давлат марказий ўринни эгаллар ва унинг таъсири катта эди. Хусусан, давлат иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлари ҳисобланган энергетика соҳаси, телекоммуникация, нефт кимёси, темир ва пўлат ишлаб чиқариш саноати устидан тўлиқ назорат ўрнатган эди. 1970 йилда тўлов балансида кузатилган жиддий инқироз Туркияда маҳаллий бозорлар ва ташқи савдони жадал суръатларда эркинлаштириш ҳамда давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошланишига туртки бўлди.

Электр энергетикаси соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар қуйидаги асосий мақсадларга қаратилди:

  • Электр энергиясига ошиб бораётган талабни қондириш ва давлат бюджети параметрларини яхшилаш. Бунда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва истеъмол қилувчи икки тараф учун ҳам бериладиган субсидияларни тугатиш мақсад қилинди. Электр энергияси учун узлуксиз субсидия бериш ва келажакдаги талабни қондириш учун давлатнинг молиявий имкониятлари етарли эмас эди.
  • Электр энергетикаси соҳасидаги самарадорликни ошириш. Хусусий секторнинг жалб қилиниши рақобатни кучайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва харажатларни қисқартириш, шунингдек, монополия туфайли юзага келадиган самарасизликни камайтириш имконини берди.
  • Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун дастлабки талабларни бажариш. Ислоҳотлар ўтказиш зарурати ҳақида кўплаб халқаро институтлар бонг уришни бошлади ва ушбу институтлар Туркиядаги ислоҳотлар жараёнида иштирок этди.

Туркия ислоҳотларни амалга ошириш бўйича жиддий қадамлар ташлади ва электр энергетикаси соҳасига инвестиция жалб қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва рақобатни қўллаб-қувватлашга киришди.

Хусусий секторнинг иштирокини таъминлашга қаратилган дастлабки қонун ҳужжати 1984 йилда ишлаб чиқилди ва амалиётга табиқ этилди. 1993 йилда Туркиянинг электр энергетикаси соҳасини назорат қилувчи ягона тизимни бир неча йўналишга ажратиш бошланди. Ижобий натижалар кутилганидан секин олина бошланди. Чунки давлатнинг ҳукмрон мавқеи сақланиб қолаётганди. 1994 йилда хусусий секторга эгалик ҳуқуқини сотиш жараёни Конституцион суд томонидан тўхтатилди. Шундан сўнг 1999 йилда Конституцияга хусусийлаштиришни қўллаб-қувватлаш бўйича тузатишлар киритилди.

90-йилларнинг охирига келиб, Туркиядаги бюджет кўрсаткичларининг ёмонлашуви иқтисодий ислоҳотларни, жумладан, электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштиришга туртки берди.

2001 йилда Туркия ҳукумати «Электр энергетикаси бозори тўғрисида»ги қонунни амалиётга татбиқ қилиш асосида электр энергетикаси соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни бошлади. Асосий мақсад сифатида хусусий инвестицияларни жалб қилиш, самарадорликни ошириш орқали жадал ошиб бораётган талабни қондириш ҳисобига мамлакатдаги энергетика хавфсизлигини таъминлаш этиб белгиланди. Давлатга тегишли ташкилотлар бизнес фаолияти йўналишларига ажратилди. Жумладан, ишлаб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш, улгуржи ва чакана миқдорда сотиш каби фаолият йўналишлари вужудга келди.

2002–2007 йиллар орасида электр энергияси учун талаб ошиб борди, бироқ тарифлар ўзгаришсиз қолдирилди. Мазкур даврда электр энергетикаси соҳасида тизимли ўзгаришлар юз берганлиги, электр энергияси ишлаб чиқариш харажатлари сезиларли даражада ошганлигига қарамасдан тарифлар ўзгартирилмади. Нарх ва харажат орасидаги тафовутнинг ортиб бориши, электр энергетикаси соҳасидаги инфратузилмани таъмирлаш ва янги инвестициялар киритиш учун давлатнинг молиявий имкониятларини чеклаб қўйди. Бундан ташқари, ушбу даврда паст нарх ҳисобига электр энергияси учун талаб кескин ошиб кетди.

Юзага келаётган муаммони бартараф этиш мақсадида ҳукумат электр энергетикаси соҳасида харажатларни тўлиқ қоплашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқди. 2008 йилнинг январ ойида электр энергияси учун тарифлар аввалги йилдагига нисбатан 20 фоизга оширилди. Март ойида эса ҳукумат харажатга асосланган нархларни белгилаш механизмини жорий қилди ва нархлар ҳар чоракда таклифга мослаб ўзгартириб борилди. Нарх белгилашнинг янги механизми 2008 йилнинг июл ойидан сўнг ўз самарасини кўрсата бошлади. Ушбу даврда электр энергияси нархи 50 фоизга ошган бўлса-да, уй хўжаликларининг турмуш даражасига таъсири деярли сезилмади.

Ислоҳотлар даврида салбий таъсирларни юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар

Электр энергетикаси тизимидаги ислоҳотлар даврида Туркия муайян юмшатиш чораларини жорий қилмади. Субсидияларнинг бекор қилиниши аҳолининг камбағал қатлами ҳаётига кучли салбий таъсир қилмаслиги учун давлатнинг амалдаги ижтимоий ҳимоя дастури доирасида қўшимча чора-тадбирлар кўрилди.

Хулосалар

  1. Иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган кенг кўламдаги ислоҳотлар электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотларга ижобий таъсир кўрсатди. Туркияда 1980 йилда бошланган бозор иқтисодиётига ўтишни жадаллаштиришга қаратилган ислоҳотлар электр энергетикаси тизимидаги ислоҳотларни ҳам қўллаб-қувватлади.
  2. Иқтисодий шароитнинг яхшиланиб бориши ислоҳотларни самарали якунлашда муҳим ҳисобланади. 90-йиллардан кейин Туркия иқтисодиётининг жадал ўсиши ва аҳоли турмуш даражасининг яхшиланиб бориши ислоҳотларга нисбатан ижобий муносабатни шакллантирди.
  3. Мустақил институтлар ва ташкилотларнинг иштироки ислоҳотлар доирасида зарур техник (сиёсатдан холи) қарорларни қабул қилишни осонлаштиради. Туркиянинг «Электр энергетикаси бозори тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, нефт саноатини тартибга солувчи ЭМРА мустақил ташкилотининг электр энергетикаси ислоҳотларига жалб қилиниши соҳани самарали бошқаришга хизмат қилди.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг