Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украинада «рашизм» атамаси қонун даражасида белгилаб қўйилди

Украинада «рашизм» атамаси қонун даражасида белгилаб қўйилди

Украина президенти Владимир Зеленский «Украина халқи миллий хотираси давлат сиёсати асослари тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбар ўринбосари Ирина Верещук маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжат «украин миллий ўзлигини ҳимоя қилиш ва ривожлантиришга қаратилган фундаментал қонун» ҳисобланади. Верещук таъкидлашича, илгари мамлакатнинг бирорта президенти бундай қадамга боришга «истак ҳам, имконият ҳам топмаган».

Қонун 21 август куни Олий Рада томонидан маъқулланган. Унда Украина тарихида илк бор давлат даражасида қатор муҳим атамаларга аниқ таъриф берилди. Жумладан:

  • «Украина мустақиллиги учун уруш»,
  • «тарихий антиукраин тарғиботи»,
  • «украин халқига қарши жиноятлар».

Шунингдек, ҳужжатда «рашизм» атамаси ҳам расмий равишда таърифланди. Унда «рашизм» Россияда шаклланган нацистик тоталитар тузум асосидаги идеология ва амалиёт сифатида қайд этилган. Унинг илдизлари рус шовинизми, империализми ҳамда коммунистик ва нацистик тузумлар анъаналари билан боғлаб кўрсатилган.

«Рашизм» сўзи илк бор 2008 йилда Россия-Грузия уруши даврида тилга олинган. 2010 йилда украин журналисти Остап Крывдик бу атамани «Россия Федерацияси ҳукуматининг идеологияси ва амалиёти» сифатида таърифлаб берган.

Атаманинг кенг тарқалиши Россиянинг Украинага қарши тўлиқ масштабли уруши билан боғлиқ. 2022 йил апрелида Зеленский «рашизм» атамаси бутун дунё тарих дарсликларига киришига ишонч билдирган эди. 2023 йилда эса Олий Рада махсус декларация қабул қилиб, Россия сиёсати ва амалиётини расман «рашизм» деб атади.

Мазкур қонун янги ҳуқуқий мажбуриятлар ёки нормаларни жорий қилмайди. У асосан Украина парламенти ва давлат раҳбариятининг расмий позициясини намоён этади ҳамда миллий хотира сиёсатида идеологик йўналишни белгилаб беради.

Манба: storage.googleapis.com

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг