Умид Аҳмаджонов: «Ўзбекистонни футбол фабрикасига айлантиришимиз керак»
Бугун, 19 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида вилоят футбол федерациялари ва футбол академиялари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этди, деб хабар берди ЎФА матбуот хизмати.
Йиғилиш давомида мутасаддилар ўз вилоятларида футболни оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, академиялар фаолиятини ривожлантириш, мураббийлар малакасини ошириш, мухлисларни стадионга жалб қилиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Умид Аҳмаджонов футбол академияларини ривожлантириш ҳақида гапирар экан, иқтидорларни тарбиялаш орқали мамлакатимизни ўзига хос футбол фабрикасига айлантиришимиз кераклигини айтди.
«Иқтидорларни тарбиялаш орқали Ўзбекистонни футбол фабрикасига айлантиришимиз лозим. Тарбияланган футболчиларни сотиш орқали академиялар ўзини қоплаши ва даромад кўриши керак. Ишлаб топилган маблағ орқали ҳудудда футболни янада ривожлантириш мумкин бўлади. Биз биргаликда ана шу тизимни яратиб олишимиз лозим. Режалар ҳар бир вилоят учун алоҳида ишлаб чиқилади», – деди Умид Аҳмаджонов.
МОҚ раҳбари футбол академияларини замонавий кўринишга келтириш бўйича тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди. Унга кўра, яқин кунларда академиялар инфратузилмасини ривожлантириш, иш тизимини ташкил этиш бўйича лойиҳалар тайёрланади.
Йиғилишда Суперлига учрашувлари давомида мухлисларни стадионга жалб қилиш, оммавийликни ошириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди. Мутасаддилар бу борада ўз таклифларини, фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter