Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Унутилган жасорат ёки Сурхондаги йирик тўқнашув

Унутилган жасорат ёки Сурхондаги йирик тўқнашув

1917 йил октябр тўнтаришидан сўнг тўрт ой ҳам ўтмасдан Қизил Армия Бухоро амирлигини тугатиш мақсадида қуролли ҳужум уюштирди. Тарих Колесов воқеаси сифатида биладиган мазкур уринишнинг учинчи кунида вазият шундай кечдики, қизил босқинчиларга қарши кўтарилган Бухоро халқи сон жиҳатдан ғанимга қараганда ўн баравар кўпайди, ва табиий, Колесов чекинишга мажбур бўлди...

Шерободдан амирлик пойтахтига хизмат юзасидан келиб қолган Мирза Абдулмўмин ана шу воқеаларга шоҳид бўлди, наинки шоҳид бўлди, балки барча бухороликлар қатори пойтахт мудофаасида қатнашди, душманга қарши жанг қилди.

У йигирма беш йилдирки Шеробод бегининг мирзаси бўлиб хизмат қилар, асли тоғли Хўжанқо қишлоғидан бўлиб, халқ ва ҳукумат орасида катта обрў-эътибор қозонган эди – олдиндан бўлса ҳам айтиб қўямиз – ҳаётининг сўнгги кунларигача ҳам у мирза бўлиб қолади.

Колесов воқеасида русларнинг ҳарбий техникаси, қудрати, жанг қилиш услубини ўз кўзи билан кўриб, уларнинг куч тўплаб, албатта, яна ҳужумга ўтишларига тўла ишонч ҳосил қилган ҳолда уйга қайтган эди ўшанда Мирза Абдулмўмин.

Қайтиб келдию, аммо қалби қандайдир бир изтиробда қолди, у азобланарди. Шунданми ёки бошқа бир сабабми, нима бўлганда ҳам Шеробод беги ҳамда юрт оқсоқоллари билан келишган ҳолда ёш, эпчил ва албатта мерган йигитлардан танлаб, эллик кишилик гуруҳ тузди. Шу заҳоти йигитларни бўлғуси жанглар учун тайёрлашга киришди, милтиқ отиш, от чоптириш, қиличбозлик, чўп билан олишиш ва жанг қилишнинг бошқа усулларини яхшилаб ўргатди. Жумладан, орқадан отилган душман ўқига чап беришнинг энг яхши усулини ўйлаб топди. Бу “ёнбошга сакраб югуриш”, яъни ҳозирги тилда айтганда, “зигзаг" эди.

Хуллас, Хўжанқо, Тангидевон ва Хомкондан йигирмата улоқчи от олиб келиб, йигитлар уларни ўзларига ўргатиб олишлари учун шароит яратди. Ёз охирлаб қолганида барчани бир жойга тўплади. Йигитлардан бирига ёниб турган чўпнинг куяси билан ер чизишни буюриб, узунаси икки юз қадам, оралари эса беш қадамдан бўлган йигирмата чизиқ торттирди. Шундай қилинганда, бир пайтнинг ўзида йигирма от билан бемалол машқ бажариш мумкин бўларди. Отларни чизиқлар бошига олиб келдилар. Дастлаб жониворларнинг кўзи ўрганиши учун машқ кўрсатилди. Жанговар кийим кийган бир баҳодир йигит роса терлаб ишлади: у чизиқ бўйлаб аввал ўнг, сўнг сўл томонга чаққонлик билан сакраб-сакраб, шу тахлит марра охиригача югуриб борарди. Кейин эса иккинчи чизиққа ўтиб, бояги ҳаракатларини қайтарарди. Шу тариқа, баҳодир йигит отларнинг кўзи ўнгича йигирма чизиқ орасидан сакраб-сакраб югуриб ўтди. Югуриш амалини ўтаб бўлганидан сўнг баҳодир отининг ёнига бориб унинг бошини силади, бир ҳовуч емни оғзига тутди.

Бир ойча давом этган машқлар натижасида отлар керакли кўникмани ҳосил қилиб улгурган эди. Шундан сўнг сайис уларни етаклаб, биринчи қадамда ўнгга, иккинчи қадамда эса чапга сакраб, отларни ўз изидан эргаштирди. Бунда биринчи чизиққа кирган от йигирманчи чизиқдан ўтмагунга қадар машқ қилдирилган. Чавандоз ва отларнинг кунлик машғулоти шу тариқа узлуксиз давом эттирилган.

Кейинги навбатда отларга милтиқ садолари остида ҳаракатланиш ўргатилади. Олд ва орқа тарафдан отилган ўқларга чап бериш асосий қоида бўлган.

Охирги синовда отга чавандоз ўтиради. Энди бунда ўқ тўғри отга қараб отиларди, мабодо ўқ дайди кетса чавандозга ҳам тегиши мумкин эди. Бу синовга ҳеч ким рози бўлмаган. Шунда Мирза Абдулмўмин отга ўзи ўтиради ва мерганларга ўқ отишни буюради. Мерганлар рад этганда Мирза қатъийлик билан уларга буйруқни бажартиради. Ниҳоят, энг хавфли синов бошланади. Олд томондан 25 мерган, орқадан 25 мерган жойлашади. Мирза Абдулмўмин йигирма чизиқнинг барчасидан ўтади. Ҳар чизикда гоҳ олддан, гоҳ орқа томондан ўқ отилиб туради. Машқда ўрганганларини бажарган от милтиқ ўқларига чап бериб, зигзагсимон усулда чопади. Отга ҳам, чавандозга ҳам бирорта ўқ тегмайди. Ҳамма Мирзани олқишлайди.

Синовлар тугаганидан сўнг Мирза Абдулмўмин қишлоқ аҳлига ош берди, руҳонийлар, оқсоқоллар дуосини олди. Кекса момолар жанговар бадаш қўшиқларини айтиб, доира чалиб, ўйинлар ўйнаб уларга омадлар тилашди. Мирза Абдулмўминнинг йигитлари шу ернинг ўзида қасамёд қилишди – улар бўлғуси жангларга тўлиқ тайёр эдилар.

Ушбу маросимдан бир неча кун ўтгач, яъни 1920 йилнинг 2 сентябрида Амир Олимхон Бухорони Қизил Армияга топшириб, Бойсунга қочди. Бу ерда ҳам кўп қолиб кетмади. Таъқибчи қизил аскарлар Бойсунни эгаллади. Амир Деновга чекинди.

Ана шундай таҳлика, талотўп шароитида амирликнинг баъзи мулозимлари Хатак ва Тангидевон орқали Гаурдакка йўл олишган. Чиннихол момо Сафарова (1926–2000) ўз онаси Холдона момо Қурбонбадал қизидан (1890–1962) эшитганига кўра, Бухорои шариф аёвсиз ўққа тутилиб, кўп жойлари култепага айлантирилгани, масжид ва мадрасалар вайрон этилгани, халқ талон-тарож ва қирғинга учрагани ҳақида қишлоқ аҳлига амир одамлари айтган. Бухоро давлати мулозимларининг қизиллардан қочиб кетаётганини кўрган тоғликлар даҳшатга тушган бўлсалар-да, аммо уларга имкон даражада ёрдам кўрсатиб, отларига ем-хашак, ўзларига егулик ва бошпана беришган.

Қизил Армия Бойсунни эгаллайди ва Ғузорга қайтиб кетади. Амир дарҳол Олимбек деган кишини Бойсун ва Шерободга ҳоким этиб тайинлайди ва Бойсунни қайтариб олиш, Шерободни душмандан ҳимоя қилиш вазифасини унинг зиммасига юклайди. Олимбек бир даста навкарларни ўзи билан олиб Шерободга келади.

Хуллас, шу пайтдан эътиборан келгиндиларга қарши оммавий қаршилик ҳаракати, «юрт ҳимояси учун том маънодаги муқаддас уруш» бошланади. Манбалардан бирининг хабарига кўра, ноябрь ойига келиб амир аскарлари сони Шарқий Бухорода 15 минг, кўнгилли ғазовотчилар эса 30 минг кишига етган. Қизил Армиянинг уларга қарши ўша йил охирида ташкил этилган "Ҳисор экспедицияси” 17 декабрь куни икки йўналишда: Термиз ва Қаршидан йўлга чиқади.

Шиддатли жанглардан сўнг амир қўшинлари чекинишга мажбур бўлади. 1921 йилнинг 5 январь куни Дарбанд, Сайроб, Хўжабулғон, Даҳанаижом, Ёлғизбоғ, Тўда қишлоқлари қўлдан кетади. Олимбек бошлиқ ҳимоячилар Бойсун кўчаларида найзабозликка ўтадилар. Орада қаттиқ жанг борар, кучлар тенг эмасди. Охири русларнинг қўли баланд келиб, Бойсун ишғол этилади. Қолган-қутган амир қўшинлари Ҳисорга чекинади.

Қизил Армия энди Шерободни эгаллаши лозим эди. Чунки, руслар учун Термиз-Бухоро карвон йўлини назорат қилиш имкониятини берадиган Шерободда “Ҳисор экспедицияси”нинг Термиз гуруҳи жиддий қаршиликка дуч келди. Зудлик билан тузилган махсус қўшин Шерободга жўнатилди.

Хўжанқолик Умар бобо Музропобнинг (1925–2016) маълумотига кўра, ўлкада “Қизил келди, амир қочди”, “Ўрус Шерободга келармиш” сингари гап-сўзлар пайдо бўлиши билан оддий халқ юрт мудофаасига уринади. Миён Сафийуллоҳ ана шу масалада кенгаш чақиради. Хатак амлакдорлигига қарашли Калламозор, Лайлаган, Хатак, Хўжанқо, Тангидевон, Хомкон, Ғуржак, Хўжаулкан ва бошқа қишлоқлар оқсоқоллари бир овоздан душманга қарши чиқишга аҳд қиладилар.

Тоғлик кўнгиллиларга Мирза Абдулмўмин билан Миён Сафийуллоҳ етакчилик қилишган. Улар декабрь ойида Шеробод ҳимоясини таъминлаб турганлар. Бойсун томондан ҳам душман келаётгани ҳақида хабар олингани заҳоти Мирза Абдулмўмин эллик мерганни Гумдаҳанага жойлаштиради. Мақсад Шерободга ўтадиган ана шу ягона йўлда душманга тузоқ қўйиш эди. Йўл-йўлакай улар сафига қўшни қишлоқлардан йиғилган яна эллик кўнгилли қўшилади. Барча айнан шу ерда Шерободнинг такдири ҳал бўлишини тушунар, четдан ҳеч қандай мадад бўлмаслигини ҳам билишарди. Бу улар учун ҳаёт-мамот жанги эди.

1921 йилнинг 6 январи. Қаҳратон совуқ. Кечга яқин Хатак йўлида Мирза Абдулмўмин душман айғоқчиларини кўриб қолди. Душман ҳам бирдан ҳаракатга тушди. Мирза милтиқ ўқларига чап бериб Гумдаҳанага етиб келди ва барчага тайёр туришни буюрди. Босқинчилар мудофаа маррасига тун қоронғисида сездирмасдан яқинлашарди. Қўққис отилган душман ўқидан Муқимбек мерган шаҳид бўлди. Отишма бошланди ва отлиқ қизил аскарлар қилич яланғочлаб “ура" садолари остида ҳужумга ўтишди.

Тиш-тирноғигача қуролланган, жангларда чиниқиб тажриба орттирган, сон жиҳатидан қирқ маротаба устунликка эга бўлган душман бор-йўғи эллик мерган жойлашган маррани ёриб ўта олмади. Бухородан то Бойсунгача бўлган ҳудудда амир аскарларини тезликда тор-мор эта олган, шаҳар ва қишлоқларни забт этиб, вайрону талон-тарож қилган босқинчилар бундай қаршиликка дуч келиш мумкинлигини хаёлга ҳам келтирмаган. Улар учун бу жойда кутилмаган мутлоқ ҳолат рўй берди.

Ўқ овозларини эшитган Гумдаҳанага яқин қишлоқлар аҳолиси ва чўпонлар тоғлар устига чиқиб олиб жангни кузатишган, айрим довюраклар ҳимоячиларга нон, сув, қатиқ каби егуликлар етказиб берган, баъзилар эса ярадорларга ёрдам кўрсатган.

Биринчи уринишида муваффақиятсизлик аламини роса тотиб кўрган душман чекинади, бироз тин олиб чошгохда яна ҳужум бошлайди. Бу сафар мудофаанинг олдинги марраси ёриб ўтилади. Ҳимоячилар ўқ тугаб қолганда душман суворийларига қарши қўл, қилич ва милтиқ қўндоғи ёрдамида чиқдилар. Худди шу онда уларга ўз вақтида машқ қилиб ўрганган усуллари жуда қўл келади: кимдир душман қиличига чап бериб чавандозни йиқитар, айримлари эса рақибни оти билан қўшиб ерга ағдариб ташларди.

Хуллас, душманни тўхтатиш учун ҳамма усуллар ишга солинади. Мерганлар жасоратидан руҳланган кўнгиллилар ҳам ҳужумга қўшилишди. Улар милтиқ ўрнида калтак, паншаха, таёқ, болта, ўроқни ишлатишган. Омонсиз жангда ҳар икки томон ҳам катта талафот кўради. Чекиниш деган гап ватанпарварлар хаёлида мутлақо бўлмаган. Мардонавор қаршилик душманни орқага қайтишга мажбур қилади.

Босқинчи мадад кучини узоқ кутиб қолмайди. Ўша куниёқ замбараклар билан қуролланган ёрдамчи кучлар етиб келади. Тўплар ишга солинади, мудофаачилар аямай ўққа тутилади. Тўплар наърасидан еру кўк ларзага келиб, бутун осмон чанг-ғубор ва тутун билан қопланади. Ватанпарварларнинг аксарияти замбарак ўқидан жойни алмаштириш пайтида ҳалок бўлган. Аммо жанг майдонини ҳеч ким ташлаб кетмаган. Ҳимоячиларнинг қаршилиги синдирилди, деб ўйлаган қизил аскарлар тағин ҳужумга ўтишади. Аммо, даҳанага кириш жойида қўққис отилаётган ўқлардан душман отлиқлари бирин-кетин қулай бошлайди. Ҳали тирик бўлган ҳимоячилар тўплар ёмғири остида, четдан ҳеч қандай ёрдам олмасдан қаршилик кўрсатиб, душманни тўхтатишга уринарди. Бухоро давлатининг байроғи турган жойда жанг, айниқса, жуда шиддатли кечган.

Кучлар тенг бўлмаган ушбу жанг такдирини Қарши-Термиз арава йўли орқали етиб келган броневик (зирҳли автомобил) ҳал қилди. Унинг ёрдамида душман даҳанани эгаллайди. Бухоро байроғи қулайди. Мерганларнинг ҳаммаси жанг майдонида ҳалок бўлади.

Мирза Абдулмўмин даҳанадан ўтган душман Шеробод қараб йўл олганини кўриб, қаршилик кўрсатиш энди бефойда эканини англайди. Омон қолганлардан бири, хомконлик Ботир мерганни Миён Сафийуллоҳ билан бирга қишлоққа жўнатади. Ўзи эса Шерободни огоҳлантириш учун от чоптиради. Унинг кимлигини билган душман изидан қувишга тушди. Юзларча отлиқ аскар ва броневик таъқибида бўлган Абдулмўмин ўқларга чап бера-бера Шеробод қўрғонига яқинлашади. Қўрғондагилар узок отишмани эшитиб ва Мирзанинг овозини таниб вазият қалтислигини тушунишган. Ниҳоят қўрғонга етиб келган Мирза ичкари киради ва барчага зудлик билан қалъани тарк этиб, фақат тоғ томон йўналиш лозимлигини буюради. Чунки, қуршовда қолишса, тўла қирилиб кетардилар.

Ўзи қолади ва қўрғоннинг энг баланд жойига чикади, мақсади душман келишини кузатиш ва уни чалғитиш эди. Отлиқ аскарлар яқинлашгани ҳамоно уларга қарата милтиклардан қаторасига ҳар жойдан ўқ ота бошлади. Қальа ўраб олинади. Фақат Аллоҳга таваккал қилган, таслим бўлишдан кўра жангда шаҳид ўлишни афзал билган бу фидойи қўрғон дарвозасидан отилиб чиқиб, қиличини яланғочлаган ҳолда ваҳшат ила босқинчиларга ташланади. Унга қарата ўқлар узиларди. Оғир ярадор ҳолида ҳам курашни давом эттириб охири йиқилади. Қаҳрамон милтиқ найзалари санчиб ўлдирилган эди.

Бу Қизил Армия Сурхон воҳасида дуч келган биринчи йирик тўқнашув эди. Ушбу ҳаёт-мамот жангида атиги юз нафар кўнгиллидан иборат бўлган халқ қўшини душманнинг йирик кучи билан тўқнашган. Камсонли қаҳрамонлар жангда мағлуб этилиб, ўлкада мустабид совет режими ўрнатилди.

Оддий халқ орасидан чиқиб, Шеробод мудофаасини ташкил этган мерганлар кўрсатган жасоратни халқ хотирасидан ўчириш учун барча ҳаракатлар қилинди. Содир бўлган муқаддас жангнинг қолган-қутган иштирокчилари ҳамда воқеа гувоҳлари 1929-1930 йиллар қатлонида сўроқсиз отилиб кетди, бу ҳакда эслаган, сўзлаган кишилар шафқатсиз равишда йўқ қилиб юборилди.

Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, албатта. Шунда таҳқиромуз бир чўпчак ўйлаб чиқарилади: эмишки, оз сонли қизил аскарлар бир неча минг авом халққа гўё раҳми келиб, уларга бир маротаба ўқув снарядини отган ва ҳаммасини тум-тарақай қочирган. Бу чўпчак халқимиз тарихини йўқ қилиш, ўзини камситиш ва салоҳиятини юзага чиқармаслик учун тўқилган эди. Аммо, алалоқибат халқ ўз қаҳрамонларини унутмади, улар хотирасини авлоддан-авлодга ўтказди ва мустақиллик замонасига қадар етказди.

Абдулла Холмирзаев.

P.S. мазкур мавзуда тарихчи Икром Умаров алоҳида тарихий асар тайёрлаган.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг