Вашингтонда янги формат: Тинчлик кенгаши геосиёсий майдонни ўзгартирадими?
Бугун Вашингтон шаҳрида янги халқаро формат — Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилиши ўтказилади ва унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
Мазкур саммит Ғазо секторидаги инқирозни бартараф этиш, тикланиш жараёнларини мувофиқлаштириш ва гуманитар ёрдамни сафарбар этишга бағишланади. Аммо воқеликда бу йиғилишнинг аҳамияти фақат гуманитар кун тартиби билан чекланмаслиги аён бўлмоқда.
Тинчлик кенгаши нима ва у қандай мақсадни кўзлайди?
Тинчлик кенгаши АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан 2025 йил сентябрда ишлаб чиқилган Ғазодаги можарони тўхтатиш ва уни тиклаш бўйича кенг қамровли режага таянади. 17 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши томонидан ушбу режа қўллаб-қувватланиб, тегишли резолюция қабул қилингани лойиҳанинг халқаро-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлади.
Кенгаш Низоми 2026 йил 22 январь куни Давосда, Жаҳон иқтисодий форуми доирасида 19 давлат раҳбарлари томонидан имзоланди.
Кенгашнинг асосий вазифаси қуролли тўқнашувлардан жабрланган ҳудудларда тинчликни тиклаш, бошқарувни самарали йўлга қўйиш ва реконструкция жараёнларини халқаро ҳамкорлик асосида мувофиқлаштиришдан иборат.
Кенгаш геосиёсий “клуб”ми?
Forbes нашрида чоп этилган таҳлилий мақолада эксперт Уэсли Александр Ҳилл ушбу ташаббусни оддий гуманитар формат эмас, балки геостратегик тузилма сифатида баҳолайди. Унга кўра, Тинчлик кенгаши иштирокчилари АҚШнинг рақиблари ҳам, анъанавий иттифоқчилари ҳам эмас. Улар глобал куч марказлари ўртасида мувозанат сақлашга интилаётган “ўрта қудратли давлатлар”дир.
Ҳиллнинг таъкидлашича, бу давлатлар глобал энергетика оқимлари, стратегик минераллар ва янги транспорт йўлаклари марказида жойлашган. Улар учун Вашингтон билан яқинлашув сармоя манбаларини диверсификация қилиш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш ва санкциявий босимларни минималлаштириш имкониятини беради.
Шу маънода, Тинчлик кенгаши дипломатик, иқтисодий ва энергетик мувофиқлашув платформаси сифатида ҳам шаклланмоқда.
Ўзбекистон глобал иштирокчи сифатида
Ўзбекистоннинг мазкур ташаббусдаги иштироки тасодифий эмас. Сўнгги йилларда Тошкент ташқи сиёсатда мувозанатли, кўп векторли ва прагматик ёндашувни намоён этмоқда.
Эксперт Ўзбекистонни “Марказий Осиёнинг юксалиб бораётган ўрта қудратли давлати” сифатида таърифлайди. Президент Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар 2025 йилда ЯИМнинг 7,7 фоиз ўсишига хизмат қилди. Энергетика, инфратузилма ва юқори технологиялар соҳасида АҚШ билан 105 миллиард долларгача баҳоланган лойиҳалар муҳокама қилингани ҳам стратегик яқинлашув белгисидир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон мис, уран ва нодир ер элементлари каби стратегик минераллар захирасига эга. Бу эса глобал таъминот занжирлари қайта шаклланаётган шароитда мамлакат аҳамиятини янада оширади.
Илк йиғилишдан кутилаётган натижалар
19 февраль куни бўлиб ўтадиган илк йиғилишда Ғазони тиклаш ва гуманитар ёрдам учун 5 миллиард доллар ажратиш бўйича мажбуриятлар эълон қилиниши кутилмоқда. Бироқ мазкур учрашувнинг аҳамияти бундан ҳам кенгроқ бўлиши мумкин. Унда иштирок этаётган давлатларнинг кўпчилиги АҚШ билан муносабатларда узоқ вақт “иккиланиш” позициясида бўлиб келган. Уларнинг аксари на рақиб, на анъанавий иттифоқчи ҳисобланади. Бу мамлакатлар муҳим геостратегик ҳудудларда жойлашган бўлиб, жаҳоннинг йирик кучлари билан ҳамкорлик ва савдони мувозанатлаштириб келади. Тинчлик кенгаши улар учун АҚШ билан энг юқори даражада мулоқот қилиш майдонига ҳам айланмоқда.
Ушбу тарихий учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан ташқари, Индонезия Президенти Прабово Субианто, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Туркия Президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон, Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Вашингтонга ташриф буюради. Улар 2025 йил август ойида Оқ уйда тинчлик келишувини имзолашган эди.
Бу саммит АҚШ ва “ўрта қудратли давлатлар” ўртасида янги мулоқот формати яратиши, энергетика ва транспорт лойиҳалари бўйича ҳамкорликни кучайтириши, Марказий Осиё давлатларининг глобал геосиёсатдаги ролини мустаҳкамлаши, Ғазо масаласида БМТдан ташқари қўшимча мувофиқлаштирувчи механизм шаклланишига туртки бериши мумкин.
Албатта, экспертлар, лойиҳанинг узоқ муддатли тақдири АҚШ ички сиёсатига боғлиқлигини таъкидлашади. 2029 йилдан кейинги маъмурият уни давом эттирадими ёки йўқ, бу ҳозирча очиқ қолаётган савол.
Ташқи сиёсатдаги фаоллик
Ўзбекистон учун Тинчлик кенгашидаги иштирок фақатгина Ғазо масаласида позиция билдириш билан чекланиб қолмайди. Агар лойиҳа муваффақиятли бўлса, Тошкент унинг асосчиларидан бири сифатида тарихда қолади. Формат миқёси чекланган тақдирда ҳам, репутацион хавф паст, дипломатик фойда эса мавжуд. Энг муҳими, Ўзбекистон бу орқали ўзини глобал муаммолар муҳокамасидан четда турувчи эмас, уларни ҳал этишга ҳисса қўшаётган масъул давлат сифатида намоён этмоқда.
Тинчлик кенгаши трансформация давридаги халқаро муносабатлар бўшлиғини тўлдириш учун яратилаётган формат, деб баҳоланмоқда. Агар у самарали бошқарилса, келгуси ўн йилликда геосиёсий архитектуранинг муҳим пойдеворига айланиши мумкин.
Ўзбекистон мазкур жараёнда кузатувчи эмас, балки иштирокчи сифатида майдонга чиқмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида мувозанат, прагматизм ва глобал масъулият муҳим ўрин тутишини яна бир бор исботлайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter