Венгрияда бўлажак ўзбекистонлик ядро мутахассислари тайёрланади – Петер Сиярто
Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сиярто ўзининг Facebook’даги саҳифасида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан суҳбати якунлари ҳақида қисқа маълумотни эълон қилди.
«Ўзбекистон 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган талаб икки баравар ошишини ҳисобга олиб, атом электр станциясини қуришга ҳозирлик кўрмоқда.
Биз венгерлар ҳам шундай қиляпмиз, Паксо шаҳрида иккита янги блокни қуришга тайёргарлик кўрилмоқда, атом энергетикаси соҳасида бир неча ўн йиллик тажрибамиз борлиги сабабли, биз Венгрияда бўлажак ўзбекистонлик ядро мутахассисларини тайёрлашни аллақачон бошлаганмиз», – дейди Сиярто.
Шунингдек, Венгрия дипломати агар Ўзбекистон «Росатом» билан янги электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзоласа, Венгриянинг совутиш технологиясидан фойдаланишга келишиб олинганини маълум қилди.
«Бу 100 миллион доллардан ортиқ бўлган шартнома бўлади. Бу эса Венгриянинг энг муҳим энергия экспортидан бири бўлиши кутиляпти», – дейди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter