Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Вилоятда коррупцияга сабаб бўлаётган ўнлаб омилларни топдим» — Зойир Мирзаев

«Вилоятда коррупцияга сабаб бўлаётган ўнлаб омилларни топдим» — Зойир Мирзаев

Тошкент вилояти ҳокимлигининг катта мажлислар залида коррупцияга қарши курашиш, унга сабаб бўлаётган омилларни чуқур таҳлил қилиш, ҳар қайси даражадаги раҳбарларнинг мазкур масалада шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтган. Унда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев қатнашган.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари тарафидан вилоятдаги коррупцион ҳолатлар, иллатнинг илдизи, вилоят, туман ва шаҳарларда турли тизимлар мансабдор шахслари томонидан йилнинг биринчи чорагида аниқланган таниш-билишчилик, таъмагирлик, мансаб сохтакорлиги, хизмат вазифасига совуққонлик билан қараш кабилар оқибатида юз берган жиноий ҳолатлар ҳақида очиқ-ошкора маълумотлар берилган.

Тизимда назоратни сусайтириб юборгани, мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этишда шахсий ташаббус ва масъулиятнинг етишмаётгани сабабли вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Элмурод Пўлатов, вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Абдуҳаким Сативалдиевнинг хизмат вазифасига лойиқлиги масаласи кўриб чиқиладиган бўлган. Лекин қачон ва қай тартибда кўрилиши, ишдан кетиш ё қолиши ҳақида маълумот очиқланмаган.

— Коррупцияга қарши фақат оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашиш керак. Мен жуда узоқ ўйлаб, мавжуд вазиятларни кузатиб, вилоятда коррупция ҳолатларини келтириб чиқараётган ўнлаб омилларни ўзимга белгилаб олдим, — деган вилоят раҳбари Зойир Мирзаев. — Ҳар бир раҳбарнинг мана шундай асосли хулосалари бўлиши керак. Тиббиёт, банк, таълимда ишга қабул қилишда шаффофлик етишмаяпти, айрим маҳаллий ҳокимлар ерларни узоқ вақтларгача заҳирада ушлаб туришга интиляпти, давлат активларини бошқариш, давлат муассасалари ерларини осонгина ўзлаштириб юбориш ёки эгаллаб олиш, банк кредитлари ажратишда таъмагирлик, уюшган, ташкиллаштирилган схемалар, сохта талабгорларни топиб, субсидияга уйлар бериш, қурилишда атайин назаратсизлик ва ўзибўларчиликка берилиш каби ҳолатлар шу қадар кучлики, буларнинг ҳар бири пировардида коррупцион жиноятларни келтириб чиқармоқда, шунга атай шароит туғдирмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг