Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Шерзодхон Қудратхўжанинг фикрига муносабат билдирди

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Шерзодхон Қудратхўжанинг фикрига муносабат билдирди

Мактабларда физика ва кимё фанлари қисқартирилиши юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган мунозараларга таълим соҳасига масъул раҳбар сифатида фикр билдириб ўтмоқчиман, дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова.

«Барчамиз яхши биламиз, мактаб — ҳар қандай соҳа ва йўналишда инсонга билим пойдевори бўлиб хизмат қиладиган маскан саналади. Муҳандису шифокор, дунёга машҳур олиму спортчи ёки бошқа турли касб эгалари бўлсин, шу мактабдан етишиб чиқади, ҳаётий тушунча ва билимларни, аввало мактабда олади. Шундай экан, мактаб ҳар бир ўқувчи учун базавий билим пойдеворини қўйиши лозим.

Келажакда гуманитар соҳани эгаллайдиган ўқувчиларга физика ёки кимё фанларини ўқитиш керак эмас, дейиш мумкин эмас. Сабаби ҳар бир инсон қайси касбни танламасин, мавжуд илмий парадигма асосида дунё қандай тузилганини билиши шарт.

Физика ва кимё каби фундаментал фанларни ўқитиш асносида инсоннинг фикрлаш қобилияти ривожланади. Бундай салоҳиятга эга бўлган шахс эса ҳодисаларни таҳлил қилиш, тушуниш ва тушунтиришга қодир бўлади. Шундай экан, таълим соҳасига масъул раҳбар сифатида ушбу фундаментал фанларни мактаб ўқувчиларига ўқитилишини бекор қилиниши ҳақидаги фикрлар ҳеч бир асосга эга эмаслигини ва бундай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламан. Аксинча, эндиликда биз мактабларда ушбу фанларни ўқитишни амалиёт билан боғлаш устида бош қотиришимиз ва бунинг учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга бор эътиборимизни қаратишимиз зарур.

2023 йил Давлатимиз раҳбари томонидан «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилинди ҳамда бизнинг олдимизга мактабларда таълим сифатини кўтариш, битирувчи ёшларнинг бирор касб сирларини ўрганиб чиқиши вазифаси қўйилди. Мазкур вазифадан келиб чиқиб айтишим мумкинки, юқори синф ўқувчиларининг олаётган билимларини ўз танлаган касбига қараб йўналтириш ва уларнинг ҳаётий кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Бу борадаги бошланган ишлар мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида янада кучайтирилади ва ўйлайманки, ушбу ташаббуслар олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш ҳамда фарзандларимизнинг келажакда маълум бир касбнинг ҳақиқий эгаси бўлиб чиқишида катта хизмат қилади», қайд этган вазир.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Шерзодхон Қудратхўжанинг мактабларда физика ва кимё фанлари ўтилиши ҳақида билдирган фикри кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шерзодхон Қудратхўжанинг фикрича, бу фанларнинг академик даражада ўтилиши оқибатида таълимда жуда кўп муаммолар келиб чиққан.

«Видеолавҳада 2 соатлик кўрсатувнинг 30 сонияси кўрсатилган, холос. Мен ушбу фанлар қийин қилиб юборилганини айтиб, болаларимизга енгилроқ, креативроқ дарс ўтайлик, деб таклиф киритдим.

Физика, кимё каби фанлар, албатта, керак. Лекин бу дарсларни ўқитишда эски қолиплардан воз кечиб, замонавий методлардан фойдаланишимиз керак.

Масалан, бир эсланглар, 10—11-синфларда ўрганган қайси мураккаб формула эсингларда қолган? Дарслар қанчалик қийин бўлган, қизил диплом олишда қанчалик халақит қилган, ўқишга киришдан чалғитган? Шу маънода айтдим, холос», — дея изоҳлайди ЎзЖОКУ ректори.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг