Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой маъмурияти хўжа ва бекларга қарши «уруш очди»

Хитой маъмурияти хўжа ва бекларга қарши «уруш очди»

Урумчи шаҳридаги ўнлаб жой номлари ҳам таҳрирга учраган.

Фото: AP

Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасидаги диний, тарихий ва маданий аҳамиятга молик юзлаб жой номлари хитойлаштириш кампанияси доирасида коммунистик партия мафкурасига мос атамаларга ўзгартирилди. Бу ҳақда  Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти тадқиқотида сўз боради.

2009 йилдан 2023 йилга қадар Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасидаги қарийб 25 мингта аҳоли пунктининг  3 652 таси номи ўзгартирилган. 1 254 та ҳолатда маҳаллий атама хитойча муқобилига таржима қилинган. 630 та жой номи эса исломий, тарихий ва маданий руҳдан маҳрум қилинган.

Асрлар давомида истифода этилган жой номлари «мозор», «хўжа», «масжид», «хонақоҳ», «гумбаз», «бек», «ўрда», «ҳаж», «султон» каби сўзлардан «тозаланган». Уйғурларнинг Хитой Халқ Республикаси таъсис этилгунга қадар бўлган тарихига оид истилоҳларнинг ҳам баҳридан ўтилган. Улар ўрнига коммунистик партия мафкурасига мос «Қизил байроқ», «Қизил юлдуз», «Дўстлик», «Бирлик», «Бахт» каби номлар қўйилган.

Human Rights Watch тарихий номларнинг ўзгартирилишини Хитой маъмуриятининг уйғурлар ўзлиги, тарихий, диний ва маданий меросини йўқ қилишга уриниш, деб баҳолаган.

Аввалроқ «Financial Times» газетаси «исломни хитойлаштириш» дастури доирасида 2018–2023 йилларда Хитойдаги 2 300 дан зиёд масжиднинг тўртдан уч қисми ташқи кўриниши ўзгартирилгани ёки бузиб ташлангани ҳақида хабар берганди.

Халқаро ташкилотлар Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмон аҳоли ҳақ-ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани ҳақида бонг уриб келади. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мазкур ҳолатни қоралаган.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Хитой томони Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасида яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача уйғур, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни лагерларда тутқунликда сақламоқда.

2020 йил июн ойида Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти мухтор ўлкада яшовчи миллатлар қатағон қурбони бўлаётгани хусусида ҳисобот эълон қилди. Унда қайд этилишича, «терроризмга қарши кураш» дея ниқобланаётган кампаниядан кўзланган мақсад уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз каби оз сонли миллат вакилларининг диний эътиқоди, миллий қадриятлари ва тилини йўқ қилишдан иборатдир.

Хитой томони ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этади. Расмий Пекинга кўра, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти янглиш талқин қилинмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг