Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой Тожикистонда махфий объект қураётгани хабар қилинди. Пекин ва Душанбе буни рад этди

Хитой Тожикистонда махфий объект қураётгани хабар қилинди. Пекин ва Душанбе буни рад этди

Хитой 10 йилдан буён Тожикистон ҳудудида махфий ҳарбий база барпо этмоқда. Бу ҳақда Буюк Британиянинг «The Telegraph» нашри хабар берди.

»Объект денгиз сатҳидан 3962 метр баландда, етиб бориш мушкул бўлган ҳудудда 10 йилдан буён қурилмоқда. Базада ҳар икки давлат қўшини мавжуд. Лекин бу хабарни Хитой ҳам, Тожикистон ҳам рад этмоқда», – деб ёзди газета.

Инглиз нашрига кўра, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара минтақасида жойлашган ҳарбий база махсус кузатув минораларига эга. Бунга далил сифатида таҳририят турли йилларда сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларни жойлаштирган.

»The Telegraph» таъкидича, Хитой учун Тожикистондаги ҳарбий база бир неча омилга кўра муҳим аҳамият касб этади:

  • Афғонистондаги беқарор вазият шароитида Тожикистон чегарасида мудофаанинг олдинги чизиғини яратиш учун;
  • Шинжондаги уйғурлар устидан мустаҳкам назоратни сақлаш учун;
  • Душанбе билан терроризмга қарши кураш доирасидаги ҳамкорликни давом эттириш учун;
  • Тожикистонда Хитой сармоясини муҳофаза қилиш учун (айни пайтда Душанбенинг 40 фоиз ташқи қарзи Пекин улушига тўғри келади).

Хитой ташқи ишлар вазирлиги Тожикистонда ҳарбий база қурилаётгани ҳақидаги хабарни рад этган.

«Сиз эслаб ўтган ҳолатдан хабарим йўқ. Аммо ишонч билан айтаманки, Хитой ҳамиша тинчлик тамойилига асосланган ташқи сиёсатга содиқ қолади ва Марказий Осиёда ҳеч қандай ҳарбий базага эга эмас», – дея журналистлар саволига жавоб қайтарган ТИВ расмий вакили Линь Цзянь.

Расмий Душанбе ҳам «The Telegraph» хабарини инкор этган.

«Тожикистон ҳудудида Хитой ҳарбий базаси мавжуд эмас. Бу масала икки томонлама муносабатлар кун тартибига қўйилмаган», – дейилади Тожикистон ТИВ баёнотида.

Қайд этилишича, Душанбе ва Пекин икки томонлама ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида таҳдидларга қарши курашишда фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Берлиндаги «Карнеги» илмий маркази ходими Темур Умаровнинг «24.kg» нашрига берган изоҳига кўра, Хитой чиндан ҳам Тожикистонда база қурмоқда, аммо у ҳарбий эмас, балки милиция базасидир.

«Базанинг номланиши Хитойнинг минтақадаги иштироки мазмун-моҳиятини ўзгартирмайди. Лекин техник ва қонуний жиҳатдан бу қуролли милиция базасидир. У биринчи галда Тожикистонга Афғонистон билан чегарада хавфсизликни таъминлаш учун зарур. Хитой учун ҳам бу объект мамлакатнинг Афғонистон билан чегара маконларида хавфсизликни муҳофаза этишда асқатади», – дейди Темур Умаров.

«Спутник» агентлиги ҳам бу ўринда гап Душанбе ва Пекин 2021 йилда имзолаган битимда кўзда тутилган объект ҳақида кетаётганини маълум қилган. Аксилтеррор мақсадларда қурилиши белгиланган объектни Тожикистон ички ишлар вазирлиги назорат қилиши  кўзда тутилган.

2021 йилда «Reuters» агентлиги ҳам Хитой Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинида ҳарбий база қурилишини молиялаштираётгани ҳақида суриштирув эълон қилган, Пекин бунга жавобан Марказий Осиёда ҳарбий база йўқлиги ҳақида баёнот берган эди.Фотога изоҳ:

«The Telegraph» таъкидича, Тожистондаги ҳарбий базанинг сунъий йўлдошдан олинган сурати.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг