Хитойда «Ланъя» вируси тарқаляпти: аллақачон 35 киши зарарланган
Олимлар гуруҳи Хитойда янги турдаги генипавирусни аниқладилар. Ушбу вирус аллақачон 35 кишини зарарлашга улгурган.
Хитойнинг «Пенпай» нашри берган маълумотга кўра, тадқиқот ишлари хитойлик ва сингапурлик изланувчилар томонидан олиб борилган ва изланиш натижалари «Янги Англия» тиббиёт журнали (NEJM)да чоп этилган.
Унда айтилишича, янги генипавирус «Ланъя» деб номланган.
«Шу кунгача Хитойнинг Шандун ва Хенан провинцияларида 35 киши «Ланъя» вируси (Langya henipavirus, LayV)ни юқтириб олган», – деб ёзмоқда нашр.
Янги вирус билан касалланиш белгилари орасида иситма, йўтал, ҳолсизлик, иштаҳасизлик, мушакларнинг оғриши ҳамда кўнгил айниб қайт қилиш кабилар кузатилади.
Олимларнинг таъкидлашича, «Ланъя» белгилари «Нипах» вирусини эслатади, бироқ бу билан касалланганлар орасида шу кунга қадар жиддий оқибатларга, жумладан ўлимга олиб келганлик ҳолатлари кузатилмаган.
«Шунинг учун биз ушбу янги вирусдан огоҳ бўлиб туришимиз, лекин ваҳимага берилмаслигимиз керак», – дейди Сингапур Миллий университети профессори Ван Линфа.
«Ланъя»нинг одамдан одамга юқиш ҳоллари, ҳозирча кузатилмаган. Ушбу вирус, асосан ерқазарларда учрайди. Шунингдек, унга қарши аксилтана (иммунитет ҳосил қиладиган модда)лар эчки ва итларда ҳам топилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter