Хивада янги имкониятлар эшиги очилди

2025 йил 14 май куни Микрокредитбанк ташаббуси билан «Arda Xiva» туристик мажмуасида «Аёллар дафтари»нинг 6-босқичи доирасида илҳомлантирувчи учрашув ташкил этилди. Унинг асосий мақсади — ишсиз хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш ва амалий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлди.
Банк ахборот хизмати хабар беришича, тадбирда Микрокредитбанк Бошқарув раиси ўринбосари Шахло Ибрагимова, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши раиси Гулсара Қурбанбаева, вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидан келган 100 нафар «Аёллар дафтари» рўйхатидаги хотин-қизлар, 10 нафар фаол тадбиркор аёллар, маҳаллий ҳокимият ва банк вакиллари иштирок этди.
Учрашув расмий эмас, балки самимий ва руҳлантирувчи муҳитда ўтди. Шахло Ибрагимова ўз нутқида хотин-қизларнинг тадбиркорликдаги иштироки нафақат оила фаровонлиги, балки жамият барқарорлиги учун ҳам катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, банк томонидан яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида сўз юритди ҳамда иштирокчиларни улардан фаол фойдаланишга чорлади.
Тадбир давомида тадбиркор аёллар ўз ҳаёт йўллари, ютуқлари ва юзага келган муаммолар ҳақида самимий тарзда ўртоқлашишди. Ушбу тажрибалар кўплаб иштирокчилар учун илҳом манбаи бўлди.
Тадбирнинг амалий қисмида «Аёллар дафтари»нинг иккинчи тоифасидаги хотин кизлар учун Микрокредитбанкнинг имтиёзли кредит дастурлари, молиявий саводхонлик асослари ва тадбиркорликни бошлаш қадамлари ҳақида қисқа ва аниқ маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирнинг эътиборга молик жиҳати шунда бўлдики, банк молиявий кўмагида ўз фаолиятини бошлаган тадбиркор аёллар «Аёллар дафтари» рўйхатида турган аёлларни ишга таклиф этишди. Учрашув чоғидаёқ 15 нафар иштирокчи аёл билан ишга қабул қилиш бўйича меҳнат шартномалари имзоланди. Урганчдан Насиба Аллаберганова («Jaxon Ali Servic» МЧЖ), Янгиариқдан Тамара Жуманиёзова ва Хива туманидан Фарида Нуржанова каби тадбиркорлар шу куннинг ўзида янги ходимларни ишга қабул қилганини мамнуният билан маълум қилишди.
Бу тадбир илҳом манбаига айланиш билан бирга, аниқ ижобий натижаларга эришилаётган амалиёт эканини кўрсатди.
Микрокредитбанк томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Президент ташаббуси билан банк тизимида аёллар учун янги молиявий хизматлар жорий этилмоқда. 2025 йил 1 май ҳолатига кўра, 912 миллиард сўмлик кредитлар орқали юртимизда 41 525 нафар аёл тадбиркорликка жалб қилинган бўлиб, шундан 8 минг нафаридан зиёди Хоразм вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Бу учрашув яна бир бор шунга яққол мисол бўлдики — хотин-қизлар меҳнатга, тараққиётга ва ўз ҳаётини ўзгартиришга тайёр. Уларга фақат ишонч ва озгина кўмак керак. Микрокредитбанк эса ушбу ёрдамни тизимли равишда кўрсатиш, тадбиркорлик орқали барқарор жамият қуришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр.
Чунки хотин-қизларнинг тадбиркорликдаги иштироки — нафақат уларнинг, балки жамиятимиз ва келажак авлоднинг равнақи учун ҳам муҳимдир. Биргаликда ҳаракат қилсак, ҳар бир орзу рўёбга чиқиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter