Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хоразмда депутатлар суд раисидан тизимда очиқликни кучайтиришни сўрашди

Хоразмда депутатлар суд раисидан тизимда очиқликни кучайтиришни сўрашди

Яқинда бўлиб ўтган Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг йигирма тўртинчи сессиясида вилоят суди раиси Баҳодир Полвоновнинг ахбороти эшитилди. Ахборот ўтган йили вилоят судлари томонидан одил судловни амалга ошириш борасида қилинган ишлар хусусида бўлиб, депутатлар диққат билан тинглади.

Айтилдики, Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2020 йил давомида жами 1323 нафар шахсга нисбатан 1091 та жиноят иши ва 2255 та санкция ҳамда материаллар кўриб тамомланган. Инстанцияларда 29 нафар шахсга нисбатан 15 та жиноят иши бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Шунингдек, 2020 йилда фуқаролик ишлари бўйича  биринчи инстанция судларида жами 10139 та  фуқаролик иши кўриб тамомланган. Шундан, 6838 та ёки 67,4 фоизи бўйича даъво қаноатлантирилган. Туманлараро судларда 5674 та суд буйруғи чиқарилган бўлиб, унда асосан ундирувчилар фойдасига 14,2 млрд сўм, давлат фойдасига 2 млрд. сўм давлат божи  ундирилиши  белгиланган.

2020 йилда иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан эса, жами 6 175 та иқтисодий низолар кўриб чиқилган. Шундан 5110 таси қаноатлантирилган, 824 таси бўйича даъво рад қилинган ва 57 таси бўйича иш юритиш тугатилган. Жами суд ишларининг 1913 таси, яъни 30,фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилиши таъминланган.

Ҳисоботдан сўнг халқ вакиллари вилоят суди раисини саволларга тутишди.  Раис ҳаммасига батафасид жавоб беришга ҳаракат қилди. Берилган саволларда  судларнинг жамоатчилик билан алоқаларини кучайтириш ва суд фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масалалари устувор бўлдики, Б. Полвонов бу борада муаммо бўлмаслигини айтди. Зеро, бугуннинг асосий таби шу-да.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг