Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хоразмда икки ойлик чақалоқнинг юраги операция қилинди

Хоразмда икки ойлик чақалоқнинг юраги операция қилинди

Иллюстратив фото

Куни кеча Урганч туманидаги «Оқ олтин» қишлоғида жойлашган Кардиология марказида икки ойлик чақалоқда юрак жарроҳлиги амалиёти ўтказилди.

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда жаҳонда ҳар 100 000 нафар боланинг 6-10 нафари туғма юрак хасталиги билан туғилар экан. Бугунги кунда мамлакатимизда 10 000 нафардан ортиқ чақалоқ ана шундай касаллик билан рўйхатга олинган. Уларнинг соғлиғини тиклаш, фаол ҳаётга қайтариш мақсадида давлатимиз томонидан катта ишлар амалга оширилмоқда.

Эътиборлиси шундаки, Ўзбекистонда маҳаллий шароитда юрак жарроҳлиги дастлаб Хоразм вилоят марказий шифохонасида бундан 23 йил муқаддам амалга оширилган эди. Ўшанда  асли хонқалик, Украина пойтахти Киев шаҳрида жойлашган Николай Амосов номидаги халқаро юрак жарроҳлиги институти профессори Қаландар Бобожонов 5 соат давом этган очиқ юрак жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказган эди. Ана шундан сўнг ўнлаб шифокор ва ҳамширалар Амосов институтида малака ошириб қайтдилар.

Россиядаги А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази директори, жаҳонга машҳур юрак жарроҳи, академик Леонид Бокерия 2017 йилнинг июль ойида Урганч Кардиология марказида бўлиб, маҳорат дарслари ўтказган эди. Ташриф давомида Л.Бокерия ва кардиология маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича битим имзоланганди. Маҳорат дарслари доирасида таниқли жарроҳ туғма юрак нуқсони билан яшаб келаётган 16 ёшли ўсмир Мақсадбек Йўлдошевда жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган эди.

Ҳамкорлик битимига кўра, хоразмлик шифокор ва ҳамширалар А.Бакулев марказида малака ошириб қайтдилар. Урганч Кардиология маркази жаҳон андозаларига мос тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

Ушбу марказда даволанаётган наманганлик икки ойлик чақалоқ Муҳаммадюсуф Абдуллаев юрагига куни кеча эндаваксуляр жарроҳлик амалиёти усулида протез клапан қўйилди. Маҳаллий шароитда муваффақиятли бажарилган ушбу амалиётда Амосов номидаги халқаро Кардиожарроҳлик маркази ходимлари ҳам иштирок этди.

«Муҳаммадюсуфда юрак қон томирлари торайиши юзага келган, ҳамкасбларимиз унинг олти ой яшаши мумкинлигини тахмин қилишган экан. Унинг соғайиши учун ўтказган эндаваксуляр жарроҳлик амалиётимиз жуда мураккаб кечди. Биз унга протез юрак клапанини ўрнатдик. Ҳозирда чақалоқнинг аҳволи яхши. Насиб қилса, биз апрель ойида яна Ўзбекистонга келамиз ва Муҳаммадюсуфнинг соппа-соғ ўйноқлаб юрганини кўришимизга ишонамиз», — дейди Украинанинг Амосов номидаги кардиожарроҳлик маркази шифокори Черпак Богдан.

П.Эрматов,
Хоразм вилоят статистика бошқармаси
Ахборот хизмати бош мутахассиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг