Хоразмда катта жанжал режалаштирган икки гуруҳ қўлга олинди
Хоразм вилояти Урганч туманида 31 март куни иккита гуруҳ ўртасида режалаштирилган жанжалнинг олди олинди, деб хабар берди вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.
Шу куни туманнинг Боғдорчи маҳалласи ҳудудида 30 нафарга яқин фуқаро ўзаро гуруҳ-гуруҳ бўлиб муштлашишни режалаштиргани тўғрисида маълумот келиб тушган.
Вилоят ИИБ ва ДХХ бошқармаси ходимлари ҳамкорликда амалга оширган тезкор тадбирда жанжал тўхтатиб қолинган. Аниқланишича, икки нафар шахс ўзаро низони танишларини жалб қилган ҳолда, гуруҳ-гуруҳ бўлиб жанжаллашиш орқали ҳал қилишга уринган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 9 нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Шунингдек, ҳодиса иштирокчиси бўлган яна 6 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (Майда безорилик) ва 194-моддаларига (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter