Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган ОАВни чеклаш таклиф қилинди

Хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган ОАВни чеклаш таклиф қилинди

Бир муддат аввал русларнинг НТВ телеканалидаги «ток-шоу»да россиялик псевдотарихчи Михаил Смолин 1917 йилга қадар ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар миллат сифатида мавжуд бўлмаганини иддао қилиб чиққани ҳақида хабар берилган эди.

Ўз навбатида, Смолиннинг шовинистик қарашлари Россиянинг марказий телеканалларидан бирида узатилгани ўзбек жамоатчилиги ўртасида турли баҳс-мунозараларга, эътирозларга сабаб бўлди.

Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб, хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган ОАВни Ўзбекистонда чеклаш масаласи кун тартибидаги долзарб масалалардан бири эканини таъкидламоқда.

«Гарчи маданиятсизларча ва калтабинларча бўлса-да, шовинизмининг асосий башарасини кўрсатувчи ушбу «сиёсий қараш» истибдод кишанларини парчалаб, неча минг йиллик ўз миллий давлатчилигини қайтадан тиклаган элу юртларни мана шундай олчоқ ғоялари билан руҳан чўктиришга уринишдир.  Акс ҳолда уларга бундай  медиа имконият яратиб берилмаган бўларди», – дейди Минҳожиддин Мирзо.

Шунингдек, Марказ раҳбари Смолиннинг Ўзбек миллий давлатчилигини  уч ярим минг йиллик тарихга эгалигидан бехабар эмаслигини, бироқ унинг шовинизм билан  «эмланган тафаккури азалдан буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқнинг кимлигини тан олгиси келмаслигини айтади.

«Бугун шовинистик пропаганда юзидаги ниқобни йиртиб, ўзининг ҳақиқий башарасини намойиш қилар экан, уларнинг хатти-ҳаракатида фашизмнинг қўланса ҳиди анқийди... Афсуски, шовинистларнинг жиноий ҳаракатлари ўзларининг жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланаётгани ўта аянчлидир.   Аслида, Михаил Смолин ва унга ўхшаш «сиёсатдон»ларнинг оғзида айланаётган «тил» қора ният эгасининг тилидир. 

«СССР» деб номланган, аллақачон тарих ахлатхонасига итқитилган империяни тирилтириш – амалга ошириб бўлмайдиган хом-хаёлдан бошқа нарса эмас. Тарихдан яхши биламиз: фақат олчоқлик ва зўравонлик билан кун кўрган бу «империя» зулук сингари бошқа халқларнинг меҳнати орқали «яшаб» келган. Бугун прилепинлар, смолинлар яна ўша «совет»нинг истибдод асосига қурилган тузумини қўмсаб айюҳаннос солишмоқда», – деб ёзади Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари.

У, шунингдек, жамиятни бундай хуружлардан, заҳарли ғоялардан сақлаш учун Ўзбекистондаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телеведение каналлари ҳамда интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масласини кўриб чиқишни вазиятнинг ўзи тақозо этаётганини таъкидлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг