XXI асрда «Оскар» олган актрисаларнинг рейтинги тузилди
«Ҳамон ўша Элис» филмидан кадр.
Rolling Stone журнали XXI асрда «Оскар» мукофотини қўлга киритган актрисалар рейтингини тузди.
Рўйхатни шакллантиришда уларнинг санъатга қўшган умумий ҳиссаси эмас, балки айнан мукофотга лойиқ кўрилган филмлардаги ижро маҳорати ҳисобга олинди.
«Ҳамон ўша Элис» (Still Alice) филмидаги роли учун «Оскар» олган Жулианна Мур энг яхши актриса деб топилди. Актриса ушбу картинада Алцгеймер касаллигининг эрта босқичи ташхиси қўйилган лингвистика профессори ролини ўйнаган. «Бу кучли, ички кечинмаларга бой ижро бўлиб, унда аёлнинг қўрқуви, тақдирга тан бериши ва ғазаби Мурнинг оғриққа тўла кўзларида акс этган», — дейилади мақолада.
Иккинчи ўринни «Қиролича» (The Queen) филмида Елизавета II ролини ижро этгани учун «Оскар» билан тақдирланган Ҳелен Миррен эгаллади. Актриса қиролича образини одамови, вазмин ва табиий равишда совуққон қиёфада гавдалантира олган.
Фото: Canal+
Учинчи ўринда «Кўманчилар юрти» (Nomadland) филмидаги роли учун тақдирланган Фрэнсис Макдорманд қайд этилди. Унинг ижросидаги самимийлик қаҳрамоннинг характерини, изланувчанлигини ва иродасини маҳорат билан етказиб бергани таъкидланган.
Фото: Searchlight Pictures
Шунингдек, кучли ўнликка қуйидаги актрисалар кирди:
- Эмма Стоун («Бахтсиз-бахтлилар» (Poor Things)
- Жулия Робертс («Эрин Брокович»)
- Майки Мэдисон («Анора»)
- Мишел Йео («Ҳамма нарса ҳар ерда ва бирданига»)
- Кейт Бланшетт («Жасмин»)
- Натали Портман («Қора оққуш»)
- Ҳолли Берри («Монстрлар бали»)
Рўйхатда энг сўнгги — 25-ўринни «Темир хоним» (The Iron Lady) филмида Маргарет Тэтчер ролини ижро этган Мэрил Стрип эгаллади. «Rolling Stone» нашрининг фикрича, Стрип ўз авлодининг энг буюк актрисаси бўлишига қарамай (уч марта «Оскар» олган — таҳр.), ушбу филмдаги ижроси карикатурага ўхшаб қолган.
Фото: Canal+


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter