Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна бир ижтимоий тармоқ фаоли 7 йилу бир ойга қамалди

Яна бир ижтимоий тармоқ фаоли 7 йилу бир ойга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ҳукми билан блогер Отабек Аҳлиддинов 7,1 йилга озодликдан маҳрум қилинди, деб хабар бермоқда Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов «Facebook»даги саҳифасида.

Қайд этилишича, Отабек Аҳлиддинов Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган.

Ташановга кўра, Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги марказий поликлиниканинг бўлим раҳбари лавозимида фаолият олиб борган Отабек Аҳлиддинов айблов хулосасига кўра, 200 миллион сўмдан ортиқ пулни ўзлаштиришда айбланган.

Шу йилнинг сентябрида қамоққа олинган ушбу шахс дастлаб жиноят ишлари бўйича Хонобод тумани суди ҳукми билан 5,1 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Сўнг прокуратуранинг протести асосида аппеляция суди ишни қайта кўриб, муддатни 7,1 йилга узайтирган.

«Судлов тизимида аппеляция судининг муддатни кўпайтириши доим ҳам учрайвермайдиган ҳодиса», деб ёзади Абдураҳмон Ташанов. Унинг таъкидлашича, Отабек Аҳлиддинов «Эзгулик» жамиятининг ҳам аъзоси бўлган.

«Фаолларимиз Отабекнинг оила аъзолари хоҳишига кўра, унинг тергов ва суд жараёнларида иштирок эта олишмади.  Уни бугун жазони ижро этиш муассасасига этап қилиш учун Тоштурмага олиб келишибди. Адвокатлари Олий суднинг кассация инстанциясига умид боғлашган», дейилади Ташановнинг «Facebook»даги саҳифасида эълон қилинган постида.

Аввалроқ ижтимоий тармоқда Эмине Караманова тахаллуси билан танилган 47 яшар Ленара Мираахмедова 7,5 йилга қамалганди. У суд томонидан туҳмат, ҳақорат ва товламачилик қилишда айбдор деб топилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг