Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

«Яна икки баҳо».Тошкентда пропискаси йўқларнинг иккиламчи бозордан уй сотиб олиши бўйича петиция ҳам рад этилди

«Яна икки баҳо».Тошкентда пропискаси йўқларнинг иккиламчи бозордан уй сотиб олиши бўйича петиция ҳам рад этилди

Фото:«Xabar.uz»

Айрим масалаларни ҳар қанча танқид қилмайлик, лекин ич-ичимиздан барибир яхшиликларга умид қилаверамиз. Шу юрт ривожланиши йўлида олдинги гиналарни унутиб, келажакка ишонч билан яна олға боришга ҳаракат қилаверамиз.

Ёдингиздами, бундан бир неча ой аввал Ўзбекистонда прописка режимини бутунлай бекор қилишни сўраб «Менинг фикрим» порталида петиция қолдиргандим. Ўшанда петициям ўта кулгили асос билан ноқонуний рад қилингач, бу порталдан ҳафсалам пир бўлганини, уларнинг бу иши кўзбўямачилик эканлигини айтгандим.

Аммо ойлар ўтиб, кўнгилдаги умид қурғур яна бош кўтарди. Пессимист бўлмасликка даъват қилди.

16 август куни «Менинг фикрим» порталида иккинчи петициямни қолдирдим. Биринчи гал прописка тизимини бутунлай бекор қилишни сўрагандим. Бу сафар сал пастга тушдим, камроқ нарса сўрадим. Яъни Тошкентда пропискаси бўлмаган шахсларга ҳам иккиламчи бозордан уй сотиб олишга рухсат беришларини илтимос қилдим.

Аслида ушбу таклиф осмондан олинмаган, Ҳаракатлар стратегияси доирасида Президент фармони билан тасдиқланган 2018 йилги Давлат дастурида бор эди. Лекин Президент Фармонининг ушбу банди бажарилмади. Ҳеч ким нега бажарилмаганига изоҳ ҳам бермади.

Хуллас, петициямда янги нарса кашф қилмадим, Президент Фармони орқали таклиф этилган, лекин бажарилмаган кичкина бир бандни эслатдим холос.

Аммо кеча иккинчи петициямга ҳам рад жавоби беришди, петиция умумхалқ овозига қўйилмайдиган бўлди.

«Менинг фикрим» портали яна бир бор эркинлик синовидан ўта олмади. Цензура яна ғолиб чиқди. «Халқ - қонунларнинг асосий ижодкори бўлсин» деган принцип яна бир бор айрим бюрократлар томонидан чиппакка чиқарилди.

Бу сафарги рад қилиш асослари ҳам худди ўтган галдаги билан бир хил. Яъни сўнгги йилларда пропискани соддалаштириш бўйича кўп иш қилинаётганлиги учун, петициямга рад жавоби беришибди. Масалан, пропискасиз яшаганлик учун маъмурий жарималар енгиллаштирилгани муносабати билан, иккиламчи бозордан пропискасиз уй сотиб олишга рухсат бериш ҳақидаги петициям рад қилинган эмиш. Али қолиб, Валига ёпишишибди. Майнавозчилик, хуллас.

Боз устига петициямга рад жавоби нақ 2 ойда берилди. Ваҳоланки, Қўшма қарор билан тасдиқланган Низомда 15 кун ичида экспертизадан ўтказиш кераклиги белгиланган. Қўшма қарор Қонунга тенглигини яхши биласиз. Демак, ҳозирги ҳолатда қонун бузилган.

Яна бир қизиқ томони. Ишчи гуруҳнинг рад жавобида айтилишича, мазмуни ва маъносига кўра веб-порталга келиб тушган ва у бўйича ваколатли давлат органи томонидан тегишли қарор қабул қилинган пайтидан эътиборан бир йиллик муддат ўтмаганлиги сабабли петициям эълон қилинмайдиган бўлибди. Ваҳоланки, иккиламчи бозордан пропискасиз уй сотиб олишга рухсат бериш тўғрисида ваколатнинг органнинг охирги бир йил ичида қабул қилган бирорта қарори йўқ. Ёлғон гапиришдан уялмасмикин-а?

Ижро ҳокимиятининг пропискани қўллаб-қувватлашини тушунса бўлади, тизимдаги айрим раҳбарлар прописка ортидан катта фойда кўриши мумкин. Уй қурадиган йирик ташкилотлар ҳам ижро ҳокимиятига гапини ўтказиши анча осондир балки. Лекин Парламентнинг қўлида бўлган портал ҳам пропискага оид ҳар қандай петицияни рад қилиши жуда қизиқ. Халқ сайлаган вакиллар халқ дардини енгиллаштирмасдан, улар кўтарган муаммони рад қилиш, фикрларини эълон қилмаслик билан шуғулланиши оғриқли...

«Менинг фикрим» портали Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан кейин Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатнинг қўшма қарори асосида ташкил этилган эди. Гарчи портал модераторлиги Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтига юкланган бўлсада, лекин муайян петицияни ўтказиш ёки ўтказмаслик масаласини улар ҳал қилмайди. Бунга бевосита Сенат ва Қонунчилик палатаси жавобгар.

Шунга кўра, Сенат ҳамда Қонунчилик палатаси ушбу масала бўйича бирор изоҳ беришини кутиб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг