Янги ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

Ўзбекистон шимолида пайшанбага қадар, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида эса жума кунига қадар ҳаво ҳароратининг кундан кунга 1−2 даражадан юқори кўтарилиб бориши кутилади. Дам олиш кунлари эса минтақага навбатдаги бироз салқин ҳаво — кучли шамол ва чанг тўзонлари билан бирга — кириб келиши ойдинлашмоқда.
Ҳафтанинг энг иссиқ кунлари пайшанба ва жумага тўғри келиши прогноз қилиняпти. Жума куни марказида атмосфера босими 995 гПа гача бўлган жуда иссиқ атмосфера босими соҳаси Ўзбекистоннинг марказидан шимол томон ҳаракатланиб, айни аҳоли зич истиқомат қилувчи вилоятларда +44 даражагача юқори иссиқ ҳароратни тақдим этиши кутилмоқда.
Манба: Windy.com
Хорижий об-ҳаво бюролари маълумотида ҳам жума куни иссиқ ҳаво оқими таъсирида аҳоли зич истиқомат қилувчи вилоятларда ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёрдан 5−6 даражагача юқори четланиб кетиши келтирилган. Бу ёзнинг айни даври учун сезиларли иссиқликдир. Хусусан, Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам жума куни кундузи жуда иссиқ ҳароратдан азият чекади.
Жазирама иссиқ ортидан ҳароратни бироз пасайтирувчи навбатдаги салқин ҳаво оқими дам олиш кунлари шимоли-ғарб тарафдан аста-секин минтақага кириб келади. Шимолий ҳудудлар аҳолиси жума кунидаёқ бу салқинликдан баҳраманд бўлади. Умуман олганда, жорий ҳафтада бир исиб кетиш ва кейин салқинроқ ҳарорат муҳити кузатилади.
Ёғин тақчиллиги эса жорий ҳафта ҳам давом этади.
Манба: Meteoinfo.ru
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 30 июнь куни республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ҳарорати максимуми +39 даражагача, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида +41 даражагача, бошқа ҳудудларда +37 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Тунги ҳарорат Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида +25 даражагача, бошқа ҳудудларда +22 даражагача бўлади. Тоғларда кундузги ҳарорат +30 даражагача исиши, тунда +12 даражага салқинлашиши кутилмоқда.
Синоптиклар 1−3 июль кунлари республика бўйлаб ҳаво ҳароратининг кўтарилиб боришини маълум қилган. Масалан, сешанба куни шимол ва водийдан ташқари ҳудудларда ҳароратнинг душанба кунига нисбатан 2 даражага кўтарилиши келтирилган. Шимолда эса кундуз куни ҳарорат душанбага нисбатан 4 даража кўтарилиб кетиши, водийда эса ўзгармаслиги кўрсатилган.
Чоршанба ва пайшанба кунлари эса жазираманинг таъсири республикага кучли таъсир этиб, деярли барча ҳудудларда кундузи ҳаво ҳарорати +40 даражадан юқори кўтарилиши, жанубий ҳудудлар ва чўлларда эса +44 даражагача етиши ойдинлашган. Тунги ҳарорат қийматлари ҳам аста кўтарилиб бориш тамойилида ўзгариши, сешанбадан чоршанбага, айрим вилоятларда чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси «тропик тун» бўлиши келтирилган. Ушбу кунлари тунда ҳаво ҳарорати кўп ҳудудларда +27…+30 даража иссиқ бўлиши кўрсатилган.
2−3 июль кунлари кўплаб вилоятларда ҳаво оқимларининг ўрин алмашиш муддатларида кучли шамоллар кузатилиши, шамоллар кучайганда унинг тезлиги сониясига 22 метргача етиши прогноз қилинмоқда. Бу каби кучли шамол эсиши айни давр учун кучли чанг бўронларини келтириб чиқариши мумкин. Ушбу кунлари жойларда ёғингарчилик кутилмайди.
Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳақида гап кетганда, жума куни шимолда ҳароратнинг сезиларли пасайиб кетиши, бошқа вилоятларда ҳафта давомидаги энг иссиқ кун бўлиши, пойтахтда ҳаво ҳарорати +44 даражагача кўтарилишини, дам олиш кунлари эса олдинги кунларга нисбатан ҳароратнинг 6−8 даражагача сезиларли пасайиб кетишини тахмин қилиш мумкин.
Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (30 июнь — 6 июль кунлари) давомида республиканинг аҳоли зич истиқомат қилувчи ҳудудларида ўтмиш июль ойлари бошларига нисбатан анча юқори ҳарорат кузатилади. Айниқса, бу тоғларда кучли сезилади. Шимолликлар тунги бироз салқинлик ва ҳафта сўнгидаги салқинликлар сабаб, июлни бироз салқин кутиб олади. Ёғингарчилик бўйича республика ҳудудларида қуруқ об-ҳаво бўлиши маълум қилинган.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Жорий ҳафта бошидаги жазирама иссиқ кунлар кишилар саломатлигига сезиларли таъсир кўрсатади. Айниқса, ҳафтанинг пайшанба ва жума кунларида республиканинг жуда катта қисмида кутилаётган +40 даража ва ундан юқори ҳарорат фони қариялар, қон босими касаллиги мавжуд беморларга таъсир этади.
Бошни қуёшдан асраш керак. Бу муҳим аҳамиятга эга. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, одамни «офтоб уриши» мумкин. Бунинг оқибатида тана ҳароратининг кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульснинг тезлашиши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушдан кетиш каби ҳолатлар кузатилиши мумкин.
Жазирама кунларда нима тановул қилган маъқул? Кўп миқдорда сув ичиш организмнинг яхши ишлашига ва сув-туз балансини меъёрлаштиришга ёрдам беради. Аммо бунда организмнинг сув танқислигини тўлдириш учун газланган ёки нектар сув эмас, аксинча, оддий ичимлик сувини истеъмол қилиш керак. Шунингдек, иссиқ кунда ёғли гўшт маҳсулотлари истеъмолини камайтириб, енгил ҳазм бўлувчи таомлар истеъмолини кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, мева ва сабзавотлар ҳам организмда яхши сингиб, ички аъзолар фаолиятини нормаллаштиришга ёрдам беради.
Туш пайти, соат 12:00 ва 16:00 оралиғида имкон қадар ташқарига чиқмаган маъқул. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шу кунларда соат 10:00 дан 17:00 орасидаги муддатларда қуёш нури тик тушадиган жойларда ҳаракатланмасликни тарғиб этиб, огоҳлантириш хабари улашган.
Аҳоли зич истиқомат қилувчи ҳудудларда пайшанба ва жума, шимолий ҳудудларда эса чоршанба ва пайшанба кунлари кузатиладиган ёзги жазирама вақтида иссиқликнинг организмга таъсирини камайтириш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига амал қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Чоршанба ва пайшанба кунлари шимолда, жума куни Ўзбекистоннинг катта қисмида кучли шамоллар кузатилишидан олдин атмосфера босимининг кескин ўзгариши билан боғлиқ «барик тубсизлик» ҳодисасининг кучсиз кўриниши юз бериши мумкин. Атмосфера босимининг кескин ўзгаришига мойил кишилар ўз саломатлигида ўзгаришлар сезса, аввалги материаллардаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқ.
Биоиқлимий шароитлар
Ҳафта ўрталари ва жума кундузги муддатларида, ҳатто чоршанбага ва пайшанбага ўтар кечаси ҳам аҳоли жуда иссиқ ва дим ҳаво билан тўқнаш келади. Ҳафта давомида бир тун бўлса-да, республика аҳолиси иссиқ ва дим об-ҳавога гувоҳи бўлиши мумкин.
Қуйидаги биоиқлимий карталарда 3 ва 4 июль кунлари соат 17:00 ҳолатига Осиё мамлакатларининг бир вақтда иссиқликни ҳис қилиш даражаси акс эттирилган. Унда пайшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Сурхондарё вилоятлари, жума куни Бухоро, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятининг аксар ҳудудлари экстремал иссиқлик стресcларини қабул қилиши, бошқача айтганда, ана шу вақтда аксар ўзбекистонликлар араб мамлакатларининг энг иссиқ ҳудудлари, Покистон, Афғонистон ва Эроннинг айрим ҳудудларидаги жазирамалар остида юрганлар каби иссиқлик муҳитини таналарида ҳис этишлари мумкинлиги кўрсатилган.
Қандай кийиниш керак? Ёз кунлари табиий матодан тикилган, ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган оч рангли кийимлар ҳамда кенг тикилган кийимларни танлаш мақсадга мувофиқ. Чунки улар терини нафас олишига имкон яратади ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишига тўсқинлик қилади. Юқорида таъкидланганидек, бош кийим ҳам кийиб олиш керак.
Космик таъсирлар
Якшанбада кун давомида ва душанба тонгида Қуёш доғларида М ва Х синф кучли чақнашлар кузатилмади. Ўтган дам олиш куни Қуёш фотосфоресадаги сокинлик сабабми, душанба-сешанба кунлари «яшил» хавф даражасидаги кучсиз магнит бўрони қўзғалашлари прогноз қилинмоқда.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам душанба ва сешанба кунлари сайёра магнитосферасида «яшил» хавф даражасидаги магнит бўрони, чоршанба кунлари «сариқ» (бироз хавфли) қўзғалишлари тахмин қилинган. Ҳафтанинг пайшанба ва жума кунлари эса «яшил» магнит бўрони хавфи прогноз қилинган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Жорий ҳафта ўрталарида ва жума куни Ўзбекистонда ҳаво оқимларининг ўрин алмашинуви сабаб, кучли шамол ва чанг тўзон, чанг бўронлари кўтарилиши мумкин. Ушбу даврда ҳавода майда РМ 10 дисперс заррачалари қисқа муддатга кўпайиши эҳтимоли юқори.
Бошқа кунларда ҳавонинг табиий равишда ифлосланиши учун шароит мавжуд эмас.
Бундай муҳитда, зарурат туғилганда, ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.
Шундай қилиб, 30 июнь — 6 июль кунлари оралиғида кишилар саломатлигига камроқ хавф туғдурувчи иқлимий ва космик муҳит душанба ва дам олиш кунлари ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter