Янги қарор: бир нечта инспекциялар фаолияти тугатилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 7 май куни «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги ПФ–5418-сон «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди.
2018 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси, Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси, Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси, «Ўзсувназорат» республика сув инспекцияси, «Ўздавуруғназоратмарказ» қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази тугатилади.
Шунингдек, 2018 йил 1 августдан «Ўзстандарт» агентлигининг «Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш «Сифат» маркази» давлат корхонаси ҳам тугатилади.
Инспекция тугатилаётган ташкилотларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиб, тугатилаётган ташкилотларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалари, функциялари ва ваколатлари Инспекцияга ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тугатилаётган ташкилотлар ходимларининг ишга жойлаштирилишини таъминлашга кўмаклашади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter