Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

O‘zLiDeP «Халқлар дўстлиги» майдонида янги шаклдаги тарғибот тадбири ўтказди (фото)

O‘zLiDeP «Халқлар дўстлиги» майдонида янги шаклдаги тарғибот тадбири ўтказди (фото)

Фото: Ўзбекистон Либерал-демократик партияси

Ўзбекистон муҳим сиёсий жараён — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар сайлови арафасида турибди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам сайловолди жараёнларида янгича ғоя, янгича қарашлар билан фаол иштирок этмоқда.

26 сентябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан пойтахтимиздаги «Халқлар дўстлиги» саройи олдидаги майдонда «Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!» шиори остида янги шаклдаги тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад – турли акциялар ва таниқли санъаткорларни жалб қилган ҳолда O‘zLiDeP ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишдан иборат бўлди.

Тадбирни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов кириш сўзи билан очиб, жорий йилги сайловлар бутунлай янгича муҳитда, янгича ҳуқуқий шароитда ўтишини айтиб, бу сиёсий жараёнга Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам жиддий тайёргарлик кўраётганини таъкидлади. Партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида иштирокчиларга қисқача маълумот берди.

«Бўлажак сайловлар мамлакатимиз тарихида илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Бу эса сайловнинг қонунийлик, шаффофлик, очиқлик шароитида ўтишининг яна бир ёрқин ифодасидир.Шу боис сайловлар олдидан партиямизнинг сайловолди дастури, сиёсий платформасини ишлаб чиқдик, янги-янги ғояларни ўртага ташладик. Бу галги сайловда партиямиз «Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам аввало инсонга хизмат қилиш керак», деган ғоя билан ўртага чиқаяпти. Дастурни эса кабинетда ўтириб эмас, партия фаоллари, оддий одамлар билан бамаслаҳат ёзишга эътибор қаратдик. Энди қайси партиянинг дастури халққа манзур бўлса, ўша партиянинг қўли баланд келиши муқаррар»,– дейди А.Хаитов.

«Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!» шиори остидаги тарғибот тадбири ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли тарзда очиқ майдонда ўтказилди. Зеро, партия сайловолди тарғибот тадбирларини зерикарли, бир томонлама маъруза шаклида ташкил этиш амалиётидан воз кечиб, эркин мулоқот тарзида ўтказилмоқда, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Тарғибот тадбирида миллатимиз фахри ва ғурури, ЎзЛиДеП фаоллари, таниқли тадбиркор Мурод Назаров, бокс бўйича жаҳон чемпиони Шахрам Ғиёсовлар сўзга чиқди. Эстрада юлдузлари иштирокида концерт ҳам ташкил этилди. 

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бу каби янгича тарғибот тадбирларини нафақат пойтахтимизда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳам ўтказади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг