Япон эртаги тугади — хорватлар кейинги босқичда!
Бугун, 5 декабр куни Қатардаги жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида Япония ва Хорватия терма жамоалари кейинги босқич йўлланмасини ҳал қилди.
Ўйинда ҳисобни японлар очишди: биринчи бўлим якунланиб бораётган дақиқаларда Маэда жарима майдони ичкарисида туриб, хорватлар дарвозасини аниқ нишонга олди — 1:0.
Хорватлар иккинчи бўлимда жавоб голини киритишди: Перишич шериги олисдан ошириб берган узатмани боши билан японлар дарвозасига жойлаб қўйди — 1:1.
Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб ўзгармади, ҳакам экстра-таймлар белгилади.
Бироқ қўшимча 30 дақиқаликда ҳам дарвозалар дахлсиз қолди. Қатар-2022 да илк маротаба пеналтилар серияси ғолибни аниқлаб берди.
Япон эртаги тугади — Германия ва Испания каби грандларни таслим этган самурайларни Хорватия дарвозабони Ливакович уйига жўнатиб юборди — тўртта пеналтидан учтасини қайтарди! Хорватлар — кейинги босқичда!
Уларнинг рақиби бугун тунда (соат 23:59 да бошланади) Бразилия ва Жанубий Корея терма жамоалари ўйинидан сўнг маълум бўлади.
ЖЧ-2022. 1/8 ФИНАЛ
5 декабр, «Al Janoub Stadium»
Япония — Хорватия — 1:1 (асосий вақт)
Пеналтилар серияси — 1:3.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter