Япония Нукусдаги шифохонага замонавий ускуналар тақдим этди
27 ноябрь куни Япония ҳукуматининг «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги шифохонага тиббий жиҳозлар топширилди.
Кунчиқар ўлкада ишлаб чиқарилган ультратовуш текширув ускуналарининг умумий қиймати қарийб 91 минг долларни ташкил этади.
Замонавий ускуналар маҳаллий аҳолини тезкор ва аниқ диагностика қилиш ҳамда тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилади.
«Япония барча инсонлар ўз қадр-қимматини ҳис қилган ҳолда яшай оладиган жамият қуришни тарғиб қилувчи «Инсон хавфсизлигини таъминлаш» тамойилига алоҳида аҳамият қаратади. Биз бундан кейин ҳам Ўзбекистонда юқори сифатли соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга ҳисса қўшишда давом этамиз», – дейилади Япония элчихонаси хабарида.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил октябрь ойида айнан «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига қарийб 271 минг долларлик грант ажратилган эди.
Ўтган йил август ойида Япония томони умумий қиймати 4,6 млн долларни ташкил этувчи тиббий-диагностика ускуналари тақдим қилган.
2022 йил февраль ойида эса икки давлат расмийлари Қорақалпоғистондаги клиникада хизмат сифатини оширишга қаратилган ҳужжатни имзолаган. Лойиҳа доирасида муассасага 794 миллион иена (7,35 миллион доллар) миқдорида тиббий ускуна ва ўқув материаллари етказиб берилиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter